Бундан бу ёғига ҳадидан ошмайди!..

Бундан бу ёғига ҳадидан ошмайди!..

 Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (ДМХҚ) бундан буён фақат ўз соҳасига оид йўналишлар: контрразведка ва терроризмга қарши кураш билан шуғулланади, деб хабар берди республика Президенти Садир Жапаров.

«ДМХҚ фақат ўз соҳавий вазифалари билан шуғулланади: булар разведка ва контрразведка, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, терроризм, экстремизм, бандитизм ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишдир», — деди давлат раҳбари «Хабар» давлат агентлигига берган интервьюсида.

Президентнинг сўзларига кўра, идора айнан шу йўналишлар бўйича тергов олиб бориш ҳуқуқини сақлаб қолади. Улар иқтисодиётга аралашмайдилар. Мамлакат етакчиси таъкидлаганидек, ДМХҚ айнан нима билан шуғулланаётгани ва унинг ходимлари ким эканлигини ҳеч ким билмаслиги керак.

«Ислоҳотдан сўнг бу худди аввалги КГБ каби ҳақиқий махсус хизматга айланади. Ички ишлар вазирлиги эса фақат ўз бевосита вазифалари билан шуғулланади. Ўз соҳаси бўйича тергов юритиш ҳуқуқи уларда қолади. Албатта, ваколатларнинг аниқ рўйхати тузилиб, биз уни қонунчилик даражасида мустаҳкамлаб қўямиз», — дея аниқлик киритди Жапаров.

Ўтган ҳафтада Президент Садир Жапаровнинг фармони билан Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ва унинг уч нафар ўринбосари, шунингдек, махсус хизмат раҳбариятидаги бир қатор бошқа ходимлар лавозимидан озод этилган эди. Кейинчалик Президент ўзининг кўп йиллик сафдоши Ташиевни истеъфога чиқариш қарорини, генерал номидан фойдаланиб фитна уюштирмоқчи бўлган шахслар томонидан жамиятда бўлиниш келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида қабул қилганини тушунтирди. Кейинроқ маълум бўлишича, Қирғизистон Ҳарбий прокуратураси Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Президент топшириғига биноан Давлат қўмитасининг айрим собиқ ходимлари томонидан ваколат доирасидан чиқиш ҳолатларини тергов қилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: