Минг марта кўрганман. Аммо бунча фойдаси борлигини билмасканман!..
Сачратқи – цикорий – Сichorium L. – мураккабгулдошлар (мураккабгуллилар оиласи)га мансуб кўп йиллик доривор ўт бўлиб, пояси тик, шохланган, бўйи 30-120 сантиметр, ёпирма барглари тескари тухумсимон, чўзиқ, чети патсимон бўлинган, йирик тишли, поядаги барглари наштарсимон, асоси пояни ўраб туради, поянинг юқори қисмидаги барглари яхлит. Тўпгуллари кўп гулли саватча, саватчалари поянинг учида ёки шохчаларидаги қисқа гулбандларида тўп-тўп бўлиб жойлашган, гуллари зангори, икки жинсли. Уруғи сарғич-қўнғир, узунлиги 2-3 миллиметр. Июндан кузгача гуллаб уруғлайди.
Ибн Сино бу ўсимлик баргларини яллиғланиш, ярали темираткини даволаш билан бошқа аъзо касалликларини ҳам, шунундек, бўғим оғриғи, кўз шамоллашини, ўсимлик сутшираси билан кўздаги оқ доғларни даволаган. Юрак хасталигида ва унинг мушакларини мустаҳкамлашда, халқумдаги шишларни, меъда-ичак хасталиклари, кўнгил айниши, меъда ва ўн икки бармоқли ичак яраси, жигар ва ўт халтаси, ўт йўллари хасталиклари ва ўт ҳайдашда кенг қўллагани тарихий манбалардан маълум. Илдизидан тайёрланган малҳамни илон, ари ва бошқа ҳашоратлар чаққан ерга малҳам суйкаб даволаган.
Марказий Осиё халқлари юқорида зикр этилган хасталиклардан ташқари, офтоб урганда, айниқса болаларни сачратқи дамламасида ювинтиришади, ўсимлик кулини қаймоққа аралаштириб, ҳар ҳил қўтир, темиратки, эшакем тошганда сурилади, дамламаси буйрак ва талоқ, тепки, сўлак безлари, қулоқ ости безлари шамоллашида, илдизи жигар, талоқ, камқонлик, безгак, қандли диабетда, янги кавлаб олинган илдизи ичбуруғда ва шамоллашда ишлатилади. Булардан ташқари ўсмаларни даволашда, оғиз шиллиқ қавати шамоллаганда(стоматит), оёқ, қўл ва белдаги бўғим оғриқларида(подагра, радикулит, миозит), жигар ва ўт йўллари хасталиклари(гепатит, холецистит, калькулёз, холецистит, холангит) да ишлатилади.
Бу доривор ўсимликнинг хали очилмаган қирралари жуда кўпдир, ўсимликнинг имкониятларини эндигина 20-25 фоизи ўрганилди холос. Кўп олимлар ушбу ўсимлик устида катта ишларни олиб боришмоқда. Жумладан, ҳайвонларда ўтказилган текширишлар натижасида маълум бўлишича, сачратқи гулининг дамламаси мияни тинчлантирувчи, юрак фаолиятини яхшиловчи, пешоб ҳайдовчи ва буриштирувчи хусусиятларга эга эканлигини тажрибалар исботлади. Илдиз дамламаси эса янги бошланган қандли диабет касаллигида қондаги қанд миқдорини камайтириб, беморнинг умумий аҳволини яхшилайди, қондаги қанд миқдорини камайтириб, меъда ости бези хужайраларининг курашувчанлигини оширади, шамоллашга қарши даво бўлиши билан бирга тўқималарнинг ўсиш қобилятини кучайтиради. Умуман қандли диабет касалликларини даволашда сачратқидан кенг фойдаланиши исботланган…
