Тери, хотира ва кайфият — омега-3 етишмаслигининг белгиларими?
Балиқ ёғи ХХ аср бошларидан буён энг машҳур озуқавий қўшимчалардан бири ҳисобланади. Уни илк бор денгиз бўйларида яшовчи шимолий халқлар истеъмол қилган. 1970-йилларда эскимослар узоқ умр кўриши ва юрак-қон томир касалликларига кам чалиниши аниқлангач, бу ҳолат уларнинг рационида балиқ ёғи кўплиги билан боғланди. Чунки балиқ ёғида холестерин миқдорини камайтиришга ёрдам берадиган омега-3 ёғ кислоталари мавжуд.
Кейинги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ёғ кислоталари организм учун жуда муҳим бўлиб, ҳужайраларнинг қурилишида ва кўплаб ҳаётий жараёнларда иштирок этади. Улар тўйинган ва тўйинмаган турларга бўлинади. Тўйинмаган ёғ кислоталари эса омега-9, омега-6 ва омега-3 гуруҳларини ўз ичига олади.
Омега-3 нима учун муҳим?
Омега-3 ёғ кислоталари ҳужайраларни ҳимоя қилади ва юрак-қон томир тизими фаолиятини қўллаб-қувватлайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳомиладорлик даврида етарли миқдорда омега-3 қабул қилинса, боланинг неврологик ва иммун тизими яхшироқ шаклланиши мумкин. Болаликда у тезроқ ривожланишга ёрдам беради, катталарда эса тери, соч ва тирноқларни мустаҳкамлайди. Ёши улуғ инсонларда кўриш қобилиятини сақлаш, хотирани мустаҳкамлаш ва юракни ҳимоя қилишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Омега-3 етишмаслигининг 5 асосий белгиси
1. Терининг қуруқлиги
Омега-3 терида намликни сақлаш ва эластикликни таъминлашда муҳим. У етишмаса, қуруқлик, қичишиш ва сезгирлик пайдо бўлиши мумкин.
2. Хотира ва диққат билан боғлиқ муаммолар
Бу модда бош мия фаолияти учун зарур. Етишмаслиги янги маълумотни эслаб қолиш ва диққатни жамлашни қийинлаштиради.
3. Руҳий тушкунлик ва кайфият пасайиши
Омега-3 руҳий саломатликни қўллаб-қувватлайди. Унинг камлиги депрессияга мойиллик, тушкунлик ва доимий чарчоқ ҳиссига сабаб бўлиши мумкин.
4. Сурункали яллиғланиш
Омега-3 яллиғланишга қарши таъсирга эга. Танқислик ҳолатида организмда турли яллиғланиш жараёнлари кучайиши мумкин.
5. Кўз муаммолари
Ушбу ёғ кислотаси кўз пардаси учун фойдали. Етишмаслиги кўз қуриши, қоронғида ёмон кўриш ва ёш ўтиши билан кўришнинг пасайишига олиб келиши мумкин.
Омега-3 танқислигини қандай тўлдириш мумкин?
Мутахассислар омега-3 ни озиқ-овқат орқали (балиқ, ёнғоқ, уруғлар) ёки дорихоналарда мавжуд бўлган қўшимчалар орқали қабул қилишни тавсия этади. Бироқ ҳар қандай витамин ёки қўшимчани шифокор маслаҳатисиз қабул қилиш тўғри эмас.
Соғлом овқатланиш ва мувозанатли рацион организмни зарур моддалар билан таъминлашнинг энг ишончли йўлидир.
