Пентагон B-21 Raider бомбардимончи самолётларини ишлаб чиқаришни тезлаштиришга 4,5 миллиард доллар йўналтиради
«Ушбу келишув тасдиқланган харидлар режасини тезлаштиради — йиллик ишлаб чиқариш қувватлари 25 фоизга оширилади, етказиб бериш муддатлари қисқартирилади, бунда қиймат ва тактик-техник кўрсаткичлар сақлаб қолинади», дейилади АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари баёнотида.
Маълумот қилинишича, янги бомбардимончи энг мураккаб шароитларда ҳаракат қилиш учун мўлжалланган бўлиб, илғор технологиялар билан жиҳозланган. Жумладан, қурилманинг кўзга ташланмаслигини таъминлайдиган стелс технологиялари, барқарор тармоқ интеграцияси ҳамда маълумотларга асосланган замонавий қўмондонлик ва бошқарув тизими мавжуд.
Пентагон биринчи B-21 етказиб берилиши 2025 йилда белгиланган муддатда амалга оширилганини таъкидлади. Самолётлар 2027 йилда Жанубий Дакота штатидаги Эллсворт авиабазасига жойлаштирилади.
