Болам! Отанг… отангдан айрилиб қолдик-ку!..
Уй эшигини ўз калити билан очган Рустам ичкаридан онасининг дод солиб
йиғлаётганини эшитдию, ичкари хона сари шошди. Аёл тебранма стулнинг пойига
чўкканча, ёйилган сочларини юлиб ҳайқирарди. Ўғлини кўриб ёшга тўла кўзлари янада
намланди:
— Болам! Отанг… отангдан айрилиб қолдик-ку! Энди қандоқ қиламиз?! Қўнғироқ
қилишди. Касалхонадан хабар беришди: даданг бечора автоҳалокатга учраб… ох, болам,
Рустамжон!
Рустам онасини бағрига босди.
— Тинчланинг, ойи. Ҳаммаси жойида… бари яхши.
— Сингилларинг-чи? Ишқилиб, улар соғмикин? Бор, сен, уларнинг холидан хабар олгин, -она ўғлини силкиди, -балки отанг машинада эканида бирга бўлишгандир. Ахир… уларни мактабдан олиб келишга кетганди-ку? Сингилларинг ҳамон қайтмади…
—Хўп, ойи, хўп…
—Ёки… уларам ҳалок бўлдими, айт, менга! Ҳеч нимани яширма, ўғлим…
Рустам онасини авайлаб тебранма стулга ўтирғизди. Жавон тортмасидан тинчлантирувчи дорисини олиб ичирди.
—Энди қандоқ қиламиз-а… -ҳамон ҳиқилларди аёл.
—Бари ўтиб кетган, ойижон. Ахир… ахир бунга ўн йил бўлди, -Рустам оҳиста онасининг қўлидан ўпди. -Энди дастурхон ёзай. Қорним жуда оч қолди…
—Ишдан чарчаб келгансан, болам, -она дардини унутиб, дарҳол ўрнидан турди.
-Ҳозир овқатланамиз. Анчадан бери палов дамламагандим. Бир ошхўрлик қилайлик…
Аёл ошхонага ўтиб кетди. Рустам эса кийимларини алмаштираркан, кеча ҳам онасининг “кўпдан бери ош қилмадим”, деб палов дамлаганини ўйлаб кулиб қўйди.
Рустам бу каби ҳолатларга кўникиб қолган. Аммо… онаси анчадан бери отасининг вафот этганини эслаб фиғон солмаганди. Доим, ҳар доим отасини ишга кетган, ҳисобларди.
Туни билан кута-кута ухлаб қоларди. Ўн йилдан бери шу…
Овқатланиб бўлишгач, Рустамнинг телефони куй таратиб қолди. Унинг юраги ғижимланди: суйган қизи. Бугун эшитган нохуш хабари туфайли бу гал телефон тугмачасини бахтга тўлиб эмас, ғамбода алфозда босди. Қизнинг ҳам ҳолати уникидан кам эмасди чоғи, бир-бирига нима деярларини билмай анча вақт жим қолишди. Кейин йигит унга эртага хиёбонда учрашиб гаплашиб олишларини таклиф қилди. Қиз рози бўлди.
Бугун Рустам Нигораникига совчиларини жўнатганди. Холаларини… Биринчи
марта эмас. Аввалги сафар «ўйлаб кўрамиз», дейишганди, бу гал эса рад жавоби билан қайтишди. Рустам биларди: қиз тараф албатта номзод куёвни суриштиради. Суриштиргач эса… табиийки, кўнишмайди. Ахир… ахир йигит руҳий ҳаста онаси билан яшайди.
Қайси ота-она қизини телба қайнонага топширарди? Йигит жавобини билардию, қиздан кўнглини узолмасди. Унинг обрўли, ўзига тўқ, Рустамлардан анча юқори турадиган оиладан чиққанини билсада, севгисини яшира олмади. Қизнинг ҳам кўнгли фақат унга чопди.
Қиз ўқишни тугатганига кўп бўлмай, ота-онаси уни узатиш ташвишига тушишди.
Аввал «ўқияпман», деб баҳона қилиб юрарди, энди бу ҳақда жиддий ўйламасалар бўлмасди. Қиз Рустам билан шундай севишиб юраверишни маъқул биларди. Совчилар ҳақда ўйласа… ота-онаси йигитга бермасликларини жуда яхши биларди. Ўрталаридаги моддий тафовут-ку майли, аммо онаси… телба онаси туфайли ҳам ўлақолишса Рустамга беришмайди.
Охири бўлмади, Нигора Рустамга совчиларини юбориш вақти келганини айтди.
Аввал ҳам бир неча марта элчиларини жўнатишга рухсат сўраган йигит бу гапдан ҳам мамнун, ҳам дилгир бўлди. Барибир бир кун шу синов қаршисида туришларини иккиси ҳам биларди… мана, вақти келди. Иккиси кутганидек, совчилар кескин рад этилди.
Нигора ётоқхонасида ёстиқни қучганча ота-онаси билан бўлган суҳбатни сўзма сўз ўйлаб ётарди. Эртага Рустам билан учрашади. Унга нима дейди? Ота-онасининг
шартини айтадими? Йўқ, айтолмайди. Айтишнинг иложи ҳам йўқ. Тақдир деганлари бунча чигал бўлмаса? Нега айнан унинг севган инсони шу кечмишга йўлиққан? Биринчи гал совчилар келгач, онаси йигитни суриштиришга тушганди. Қизи шу йигитда кўнгли борлигини шипшигач, суриштирув ишларини чуқур олиб борди. Натижада эса бўлажак куёв оилада ёлғиз фарзанд экани, отаси ўлгани, эси оққан онаси билан каталакдек «дом»да туриши, яшаши ҳам хаминқадар экани маълум бўлди. Кетма кет айтилган “минус” тарафлар отага ҳам етиб борди. Шу асно узил кесил «йўқ» деган жавоб янгради.
Совчиларга ҳам «кўрпасига қараб оёқ узатилиши» яхшигина тушунтирилди, шекилли, улар юзлари оқаринқираб бу хонадонни тарк этишди.
—Бунақа жиннилик насл суради, биласанми шуни? -тутоқди онаси, -нима, болаларинг ҳам «анақароқ» туғилишини истайсанми? Йиғиштир, севги -певгингни!
Яна била туриб шуни танлагани-чи? Бир умр девона қайнонангнинг хизматини ўтамоқчимисан? Улар билан яшаб, ўзинг ҳам тентак бўлиб қоласан, эй, қиз!
—Касали ирсий эмас, -гапидан қолмади Нигора ҳам. -Турмуш ўртоғи ва қизларининг ҳалокатга учраб, улардан бир вақтда айрилиб қолганидан сўнг шунақа
бўлиб қолган экан. Вақти билан даволаниб тураркан… яхши парвариш қилинса, тузалиб ҳам…
—Э, бунақалар тузалмайди, билдингми? Қайси ақл билан жиннининг ўғлини
топдинг ўзи?!
Нигора билиб севди-ку? Унга Рустамнинг севгисидан бошқа нарса керак эмас. Бу дунёда уни ҳеч ким Рустамчалик авайламаслиги, бахтли қилолмаслигини ота-онасига қандай исботласин? Йиғлаб сиқтади, бўлмади. Жиддийлик билан аҳдини тушунтирди, бўлмади. Охири…
—Рози бўлмасангиз, у билан қочиб кетаман! -дейишдан ўзга чора тополмади. Буни эшитган она анграйиб қолди. Мулойим ва одобли қизини «йўлдан урган» йигитни ичида тоза сўкди. Сўнгра отаси билан маслаҳатлашиб, бирор ножўя ишнинг олдини олиш учун унга ён беришди. Аммо…
—Йигитга айт, -деди онаси дона-дона қилиб, -агар сенга уйланишни истаса, онасини руҳий ҳасталар шифохонасига топширсин! Мен сени жинни хотин билан яшашингни
истамайман. Қўшнилари айтишди… бир хуружи тутиб қолса, ҳеч кимни танимас эмиш!
Сениям келин қилганини эслолмай, супурги билан ҳайдаб солмасин, тағин! Хуллас, шу.
Кўнса кўнди, кўнмаса ундан яхши. Баҳонада севгиси чин-ночинлигини билиб оласан.
Даданг ҳам шу фикрда: ўзим яхши касалхона, керак бўлса ҳамшира ёллайман, деяпти.
Ҳаражатини ўйламасин… қайтанга шу шарт билан кўнаётганимизга дўпписини осмонга
отсин. Қайси ота-она ўқиган, сеп-сарполи, ойдек қизини бунақа оилага топшириб қўяркин?
Нигора жимиб қолди. Ота-онаси нозик жойдан олишди. Йигитни бу гапга кўнмаслигини билишса ҳам керак. Нигора ҳам билади: Рустам онасидан воз кечмайди.
Тоға ва холалари аввал ҳам неча марта шу гапни қўзғашган, аммо йигит кўнмаган экан.
«Ўзим қарайман, бировга ишонмайман, онам менга суюниб қолган. Менсиз ҳам қолса,
қандай чидайди», дерди у.
Нигора ўйлай-ўйлай эртага йигитга бу ҳақда айтмасликка қарор қилди. Шунчаки яна сабр қилишларини билдиради. Балки вақти келиб ота-онаси уларни тушунишар?
Шундай дейдию, ота-онасини норози қилиб оила қуришга ич-ичидан қарши бўлади.
Нима қилсин унда?
Рустам белгиланган жойга анча эрта келди. Нигора келгунича фикрини жамлаб, буёғига нима қилишлари ҳақда ўй сурди. Қизнинг ҳам иложсизлигини билади. Шунча
йил ўстирган, ўқитган, тарбия берган ота-онага қарши чиқиш осон эмас. Бир йигит туфайли улардан юз ўгириш ҳам ақлсизлик. Рустам буни тўғри тушунади. Ахир ўзи ҳам насидан ҳар қандай ҳолатда ҳам кеча олмайди-ку? Онаси совчилик ишларидан бехабар ҳали. Бари ижобий якун топса, айтаман, деб юрганди. Онаси бундан қувониши аниқ.
Сандиқда келинига деб атаб анча-мунча буюм йиққан. Баъзан руҳий азоблар гирдобига тушиб қолса, баъзида эс-хуши жойидадек туюлади. Рустам келин тушса, онаси тузалиб кетишига негадир ишонади. Балки набиралар кулгуси унинг дардини фориғ этар… Ахир дунёда мўъжизалар бор-ку?
Рустамнинг хаёлини қизнинг нозик овози учириб юборди:
—Ассалому алайкум…
Сўрашишгач, ўриндиққа чўкишди. Нигора йигитнинг кўзларига тикилди. Агар ҳозир бир оғиз «ойингизни жиннихонага топширинг», десами… Рустамнинг меҳрли кўзларида аввал ҳайрат акс этиши, сўнгра «сендан буни кутмагандим», дегич аламли ёинки қаҳрли нигоҳ пайдо бўлишини тасаввур қилди. Жавобини ҳам билади: Рустам бундай қилмаслигини айтади. Сўнгра шунча йиллик маҳбубасидан бундайин шартни кутмаганини айтиб, уни тарк этади… бир умрга. Кўнглида унутолмаган ёр васли билан қийналиб яшайди. Эҳтимол, вақти келиб қизни унутар ҳам. Бироқ… ўша машъум шартни унута олмайди! Нигора шуни ўйлаб ух тортди.
Хўш, бир амаллаб ота-онасининг шартига йигитни кўндирса-чи? Кўз ёш биланми, маккорлик биланми… Онасини жиннихонага топшириб, ўзлари бахтли яшашармикин?
Рустам ҳар куни унга таънали нигоҳларини тикмасмикин? «Онамдан айирдинг», деган сўзларни тилда бўлмасада, дилида такрорламасмикин? Йўқ, бунинг учун ўзини ва Нигорани бир умр айблаб ўтиши аниқ. Яхшиси… энг тўғри йўл бу…
—Рустам ака, -гап бошлади қиз, -туни билан ўйлаб чиқдим. Ота-онам… «агар севгинг чинлигига ишонсанг, майли, розимиз», дейишди. Мен эса… ўртамиздаги муносабатни чуқур таҳлил қилдим. Ўйлаб кўрсам… шунча йил сизга фақат боғланиб
қолган эканман. Балки дунёқарашимиз яқинлиги учун шундай бўлгандир. Асл севги
бунақа бўлмайди. Юрагимда Сиз деса ёниб тургувчи аланга йўқ. Қисқаси… сизга турмушга чиқолмайман. Менинг шаҳзодам сиз эмас, ўзга…
Қиз шундай деб ўрнидан турди-да, шаҳдам кетиб борди. Йигит эшитганлари хушимми, тушимми дея унинг ортидан эргашди. Аммо қиз ортига ўгирилиб:
—Изимдан келманг! -дея қатъий буюрди-да, йўл четидаги таксига ўтириб жўнаб кетди. Рустам бир муддат хаёлида ғужғон ўйнаётган сўзларни таҳлил қилишга уринди.
Сўнг хардамхаёллик билан уйига кетди. Онаси сандиқ очганча, турфа матоларни тахлаб ўтирган экан.
—Кел, ўғлим. Вақтли қайтибсан? Мен бўлса, бўлажак келинимга, деб энг сара матоларни ажратиб ўтиргандим. Нега маъюссан, болам?
Она ўғлининг ҳолатини тез пайқади. Рустам жилмайишга уринмасин, онасининг тиззасига бош қўйдию, кўзлари намланганини пайқади.
—Келинингиз… келмайди, она, -деди шивирлаб. Сўнг онасига илк марта дардини ёрди:
—Уни жуда севардим… аммо у мени ташлаб кетди. Энди келмайди…
—Келади, болам, келади, -ўғлининг сочларини силади аёл. –Севса, албатта келади.
Муҳаббат доғи ёмон. Бу доғда куймаслик учун ҳам келади. Айрилиқ-чи? Айрилиққа
чидаш осонми? Осон бўлганда отанг ва сингилларинг дардида куярмидим шунчалик? У ҳам куймаслик учун келади. Сени кўзлаб келади… излаб келади. Йўқса… телба бўлади.
Рустам онасининг айтган теран сўзларидан таъсирланиб унинг кўзларига боқди.
Она бўлса нигоҳларини деразадан ташқарига тикканча маҳзун пичирларди:
—Айрилиқ доғида куймаслик учун келади. Бир умр телба бўлмаслик учун келади…
Мохигул Назарова саҳифасидан
Умидахоним.
