Apple энг арзон MacBook’ни тақдим этди

Apple энг арзон MacBook’ни тақдим этди

Apple компанияси ўз тарихидаги энг арзон ноутбуклардан бири — MacBook Neo моделини расман тақдим этди. Компания маълумотига кўра, янги қурилманинг бошланғич нархи 599 доллардан бошланади.

MacBook Neo’нинг энг муҳим техник янгилиги — унда Apple A18 Pro чипи қўлланилганидир. Бу процессор аввал фақат iPhone 16 Pro смартфонларида ишлатилган. Шу тариқа Apple тарихида илк бор смартфон архитектураси ноутбукка тўлиқ интеграция қилинди.

Маълум қилинишича, ноутбукдаги процессор iPhone 16 Pro’даги чипга жуда ўхшаш бўлиб, ҳатто беш йил аввал тақдим этилган Apple M1 чипидан бироз кучлироқ ишлаши айтилмоқда. Бу эса янги қурилма кундалик вазифалар, ўқиш ва интернетдан фойдаланиш учун анча самарали бўлишини англатади.

MacBook Neo 12,9 дюймли дисплей билан жиҳозланган. Компакт ўлчами ва енгиллиги туфайли у асосан талабалар ҳамда ёш фойдаланувчилар учун мўлжалланган. “Neo” номи ҳам қурилманинг янги дизайн ва замонавий ёндашувини ифодалайди.

Ноутбук мустаҳкам қайта ишланган алюминий корпусдан тайёрланган. Шу боис қурилма таркибининг қарийб 60 фоизи қайта ишланган материаллардан иборат бўлиб, бу Apple маҳсулотлари орасидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. MacBook Neo кўк, кумуш, пушти ва цитрус (сариқ-яшил) рангларда тақдим этилади.

Қурилманинг оғирлиги 1,23 килограмм бўлиб, ташқи кўриниши жиҳатидан MacBook Air моделини эслатади. Бир марта тўлиқ заряд қилинганда ноутбук 16 соатгача ишлай олади.

Техник жиҳатдан MacBook Neo’да икки дона USB-C порти, чап томонда 3,5 мм аудио порти ва олд панелнинг икки томонида стерео динамиклар жойлашган. Бироқ ушбу моделда Apple’нинг MagSafe магнитли зарядлаш тизими мавжуд эмас.

Дисплей 1 миллиард рангни қўллаб-қувватлайди ҳамда тахминан 3,6 миллион пиксел орқали юқори тасвир аниқлигини таъминлайди.

Ноутбукнинг асосий версияси 256 ГБ хотира ва 8 ГБ оператив хотира билан тақдим этилади. 699 долларлик версияда эса 512 ГБ хотира ҳамда Touch ID бармоқ изи орқали аутентификация функцияси қўшилган.

Компания маълумотига кўра, янги MacBook Neo ноутбуклари савдоси 11 мартдан бошланиши режалаштирилган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: