Яқинда, Яқин Шарқдан бир литр ҳам нефть чиқмайди!..

Яқинда, Яқин Шарқдан бир литр ҳам нефть чиқмайди!..

Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси сешанба куни АҚШ ва Исроил ҳужумлари давом этса, Яқин Шарқдан ҳатто «бир литр нефть» ҳам олиб ўтилишига йўл қўймасликларини билдирди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Қайд этилишича, мазкур баёнотга жавобан Трамп Эрон Агар Ҳўрмуз бўғози орқали танкерлар ҳаракатини тўсишга ҳаракат қилса, АҚШ зарбаларининг янада кескинлашишидан огоҳлантирган.

“Биз уларга шунчалик кучли зарба берамизки, улар ёки уларга ёрдам бераётган бошқа ҳеч ким бу ҳудудни қайта тиклай олмайди”, — деди Трамп душанба куни матбуот анжуманида.

Трампнинг баёноти глобал молия бозорларида душанба куни кескин тебранишларга сабаб бўлди. Чунки инвесторлар Эрон хавфсизлик тузилмалари янги олий раҳбар Мужтабо Хоманаий ортида бирлашиб, қисқа муддатда таслим бўлмаслиги мумкинлигидан хавотирда эди.

Трамп АҚШ Эрон ҳарбийларига жиддий зарар етказганини айтиб, можаронинг бошланғич тўрт ҳафталик муддатдан анча олдин тугашини тахмин қилган, аммо ғалаба қандай кўринишда бўлишини маълум қилмаган. Исроил эса уруш мақсади Эроннинг руҳоний бошқарув тизимини ағдариш эканини билдирмоқда.

АҚШ расмийлари асосан Вашингтоннинг мақсади Эроннинг ракета имкониятлари ва ядровий дастурини йўқ қилиш эканини айтмоқда, аммо Трамп уруш фақат Эронда итоаткор ҳукуматнинг вужудга келиши билан тугаши мумкинлигини билдирган.

Эроннинг БМТдаги элчиси маълумотларига кўра, АҚШ ва Исроил февраль охирида Эрон бўйлаб ҳаво ва ракета зарбаларини бошлаганидан бери камида 1 332 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган ва минглаб киши яраланган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: