YouTube 2025 йилда «соққа»ни шақиллатиб ташлади!..

YouTube 2025 йилда «соққа»ни шақиллатиб ташлади!..

2025 йилда YouTube реклама даромадлари бўйича рекорд кўрсаткичга эришди. MoffettNathanson таҳлилларига кўра, платформанинг рекламалардан тушган даромади 40,4 миллиард доллар ни ташкил қилди.

Маълум бўлишича, бу кўрсаткич илк бор Disney, NBC, Paramount ва Warner Bros. каби йирик студияларнинг умумий реклама даромадидан ошди. Ушбу студиялар жами ҳисобда 37,8 миллиард доллар даромад олган эди.

YouTube’нинг умумий йиллик даромади эса қарийб 62 миллиард доллар га етган. The Hollywood Reporter’нинг хабар беришича, бу кўрсаткич Disney’нинг медиа бўлинмаси даромадидан (60,9 миллиард доллар) ҳам юқори.

Таҳлилчилар YouTube’ни аллақачон “медиа бозорининг янги қироли” деб атамоқда. Уларнинг баҳолашича, платформанинг қиймати 500–560 миллиард доллар атрофида бўлиши мумкин. Таққослаш учун, энг яқин рақобатчилардан бири — Netflix’нинг бозор капиталлашуви 409 миллиард доллар ни ташкил этади.

MoffettNathanson компанияси прогнозларига кўра, YouTube’нинг кейинги ўсиши унинг дунёдаги етакчи видеохостинг платформаси сифатидаги мавқеи ва сунъий интеллектга йўналтирилаётган сармоялари билан боғлиқ бўлади.

Мутахассислар қайд этишича, кўплаб контент яратувчилар аллақачон нейротармоқлардан фойдаланишни бошлаган. Бу контент ишлаб чиқариш жараёнини тезлаштиради ва харажатларни камайтиради.

Шу билан бирга, анъанавий медиа компаниялари телевидение аудиториясининг камайиши ва ишлаб чиқариш харажатларининг ошиши каби муаммоларга дуч келмоқда. Реклама берувчилар эса тобора кўпроқ YouTube’ни танламоқда, чунки томошабинлар, айниқса ёшлар, айнан шу платформада кўпроқ вақт ўтказмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: