СЕНСАЦИЯ! «Вест Хэм» «Сити»нинг оёғига болта урди!..
«Вест Хэм» «Лондон Стэдиум»да «Манчестер Сити» билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб, рақибдан муҳим очколарни тортиб олишга муваффақ бўлди. Бу натижа Нуну Эшпириту Санту шогирдларига декабрь ойидан бери илк бор «хавфли ҳудуд»дан (лигани тарк этиш зонаси) чиқиш имконини берди. «Шаҳарликлар» эса «Арсенал» таъқибида жиддий хатога йўл қўйишди — Лондон клубининг «Эвертон» устидан қозонган ғалабасидан сўнг, «Сити»нинг пешқадамдан орқада қолиши 9 очкога етди.
Учрашув меҳмонлар учун муваффақиятли бошланди: Бернарду Силва «Манчестер Сити»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бироқ майдон эгалари ҳақиқий ирода кўрсата олишди. Бурчак тўпидан сўнг Константинос Мавропанос боши билан аниқ зарба йўллаб, жавоб голини урди. Гвардиола жамоасида ғалабани илиб кетиш учун етарлича вақт бўлса-да, «болғачилар» ҳимояси бардош берди.
Ўйин сўнггида Тижани Рейндерс жарима зарбасидан сўнг дарвоза тўсинини титратган бўлса, Марк Гехи қўшиб берилган вақтда имкониятни қўлдан бой берди. «Вест Хэм» ушбу дурангдан сўнг «Ноттингем Форест»ни бир очкога ортда қолдириб, 17-ўринга кўтарилди. «Сити» эса мавсум тугашига 8 тур қолганда иккинчи поғонада қолмоқда.
