Тезкор! Иронда катта сиёсий зилзила: Али Ларижоний ўлдирилгани расман тасдиқланди

Тезкор! Иронда катта сиёсий зилзила: Али Ларижоний ўлдирилгани расман тасдиқланди

Ирон давлат ОАВлари мамлакат Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Ларижонийнинг ўлимини расман тан олди. Маълумотларга кўра, Теҳрон атрофидаги махфий қароргоҳга берилган ҳаво зарбаси натижасида Ларижоний билан бирга унинг ўғли Муртазо Ларижоний ва бир қатор юқори лавозимли мулозимлар ҳалок бўлган.

Исроил ҳарбий разведкаси (АМАН) томонидан амалга оширилган ушбу операция тафсилотлари маълум бўлмоқда. Ларижоний минтақадаги кескинлик ортиши билан «яширин режим»га ўтган ва жамоатчиликка кўриниш бермай қўйган эди.

Тунги соат 01:50 атрофида Исроил ҳарбий ҳаво кучлари истребителлари Ларижоний яширинган бинога аниқ йўналтирилган зарбалар берган.
Иштирокчилар: Исроилнинг «Кан» телеканали хабарига кўра, операция АҚШ иштирокисиз, фақат Исроил кучлари томонидан амалга оширилган.
Қурбонлар: Iran International нашрининг ёзишича, ҳужум оқибатида Ларижонийнинг ўғли ва Миллий хавфсизлик кенгашидаги ўринбосари Али Батаний ҳам ҳаётдан кўз юмган.

Расмий хабарлардан сўнг Теҳрон ва Гоҳардашт (Караж) шаҳарларида аҳолининг оммавий равишда кўчаларга чиқиши кузатилмоқда. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда одамларнинг амалдаги тизимга қарши шиорлар айтаётгани ва Ларижонийнинг ўлимини байрам қилаётгани акс этган. Кўплаб кузатувчилар бу ҳолатни мамлакатдаги «муллократия» бошқарувининг инқирози сифатида баҳоламоқда. The New York Times нашрининг ёзишича, Ларижонийнинг ликвидация қилиниши Ирон сиёсий элитасида кучли қўрқув ва саросима уйғотган. «Ҳозирда мулозимлар орасида фақат бир савол айланмоқда: кейинги нишон ким бўлади?» — дейди нашр манбаларидан бири.
The Wall Street Journal маълумотларига кўра, Исроил разведка хизматлари Ирон ҳарбий қўмондонларига шахсан қўнғироқ қилиб, уларга ва оилаларига тўғридан-тўғри таҳдид қилмоқда. Теҳронда хавфсизлик чоралари кескин кучайтирилган: силовиклар тинч аҳолини эвакуация қилиб, турар-жой биноларини вақтинчалик штаб ва яшириниш жойларига айлантирмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: