Улар дунё ва шаҳватларга боғланиб қолган!..

Улар дунё ва шаҳватларга боғланиб қолган!..

Сулаймон ибн Довуд (алайҳиссалом) ҳузурида бир қўйбоқар бор эди, у қўйларни боқарди. Бир куни унинг олдига бўри келиб: «Менга бир қўй бер!» – деди.

Қўйбоқар жавоб берди: «Бу қўйлар Сулаймон ибн Довудники, мен фақат уларнинг қўриқчиси ва боқувчисиман».

Бўри: «Унда бор, Сулаймоннинг ҳузурига бор ва ундан менга бир қўй беришини сўра», – деди. Қўйбоқар: «Агар кетсам, сен қўйларга ҳужум қилиб кетасан деб қўрқаман», – деди. Бўри: «Мен сенинг қайтиб келишингга қадар қўйларни қўриқлайман. Агар сенга хиёнат қилсам, ёлғончилардан бўлай, Аллоҳ сақласин», – деди.

Шунда қўйбоқар йўлга чиқди. Бироз юргандан сўнг бир сигирни кўрди: сигир ўз боласидан сут эмар эди! Ҳайрон бўлиб: «Субҳаналлоҳ! Бу қандай ажойиб ҳолат, бунақасини ҳеч кўрмаганман. Бунинг таъбирини Сулаймондан сўрайман», – деди ўзига-ўзи.

Кейин йўлида давом этди. Бироздан кейин бир гуруҳ одамларни кўрди: уларнинг кийимлари эски, йиртиқ, аммо атрофларида олтинлар сочилиб ётар, қўлларида олтин тўла халталар бор эди! Ҳайрон бўлиб ўйлади: «Субҳаналлоҳ, бу ҳам ғалати! Олтинлари бору ўзлари камбағал. Буни ҳам Сулаймондан сўрайман».

Яна йўлда давом этди. Узоқдан оқиб турган булоқни кўрди, сувнинг шариллашини эшитиб, ичиш учун яқинлашди. Яқинлашганида бадбўй ҳид келди – сув жуда ифлос ва сассиқ эди! Орқага чекинди ва: «Субҳаналлоҳ! Бу ҳам ажойиб – оқиб турган сув шундай бўлса-я? Агар тўхтаб қолган ва ифлос бўлса, ажабланмас эдим. Буни ҳам Сулаймондан сўрайман», – деди.

Ниҳоят, Сулаймон (алайҳиссалом) ҳузурига етиб келди, салом берди ва бўрининг илтимосини етказди. Сулаймон: «Унга рухсат бер, ўзи хоҳлаган қўйни танлаб олиб есин», – деди. Қўйбоқар: «Амрингиз вожиб, лекин йўлда кўрган ажойиб ҳолатларим ҳақида сўрасам майлими?» – деди ва сўради:

— «Аввал бир сигирни кўрдим – у ўз боласидан сут эмар эди». Сулаймон: «Бу охирзамонда юз беради. Оналар қизларига бало келтиради, улардан ризқ топиш йўлида фойдаланади», – деди.

— «Яна бойларни кўрдим – қўлларида олтин, лекин кийимлари йиртиқ». Сулаймон: «Улар йўлтўсарлар ва ўғрилардир. Ҳаром йўл билан топилган молдан барака кўтарилади. Охирзамонда ҳаром мол кўпаяди, қаноат камаяди, барака йўқолади», – деди.

— «Яна оқиб турган сув кўрдим, чанқаган эдим, ичмоқчи бўлдим, лекин ҳиди сассиқ экан, нари кетдим». Сулаймон: «Бу охирзамондаги айрим диндорларнинг ҳоли. Уларни узоқдан диндор либосида кўриб, «Аллоҳга яқинлаштиради» деб яқинлашасан, аммо улар дунё ва шаҳватларга боғланиб қолган бўладилар», – деди.

Қўйбоқар: «Наъузубиллаҳ (Аллоҳ сақласин), ўша замон одамларидан паноҳ тилаймиз», – деди ва дуо сўради. Кейин қўйлари олдига қайтди. Бўри ҳали ҳам қўйларни қўриқлаб турган экан.

Қўйбоқар: «Сулаймон рухсат берди, хоҳлаган қўйингни танлаб ол», – деди. Бўри қўйларга қараб туриб, бир четдаги касал ва заиф қўйни танлади. Қўйбоқар ҳайрон бўлиб: «Нима учун айнан шуни танладинг?» – деб сўради. Бўри: «Чунки у Роббисининг тасбиҳидан ғофил эди. Ким Роббисининг зикридан ғофил бўлса, улуғ балолар ичида қолади», – деб жавоб берди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: