Албан, турк, черкес ва француз қонлари қоришган ниҳоятда гўзал Миср маликасининг Теҳрондан қочиши тафсилотлари

Албан, турк, черкес ва француз қонлари қоришган ниҳоятда гўзал Миср маликасининг Теҳрондан қочиши тафсилотлари

Шарқнинг энг гўзал маликаси Фавзия Фуаднинг тақдири — олтин қафасдан озодликка қочиш ҳақидаги энг таъсирли ҳаётий драмадир. Унинг ҳаёти суратли откртткага ўхшарди: саройлар, ҳашам, ипак либослар ва инглиз акцентида гапирувчи гувернанткалар. Аммо бу суратга диққат билан қарасангиз, у ерда озодликни эмас, балки зеби-гардонлар билан безатилган витринани кўрасиз. Миср қироли Фуад I нинг қизи Фавзия шунчаки шарқона эртакдаги гўзал малика эмас, балки сиёсий ўйинлар учун қурбон қилинган «дипломатик актив» эди.

Албан, турк, черкес ва француз қонлари қоришиши натижасида Фавзия ноёб гўзалликка эга бўлди: мовий кўзлар, қоп-қора сочлар ва юз тузилишининг мукаммал чизиқлари. Уни Европада аристократ, Шарқда эса идеал малика деб аташарди. Бироқ бу гўзаллик ортида болалигидан фақат бир нарсага — «қулай бўлиш»га ўргатилган қизча яширинган эди. Унинг ҳатто Швейцариядаги таълими ҳам дунёга очилган дераза эмас, балки қаттиқ назорат остидаги «вольер» эди.

17 ёшида Фавзиянинг шахсий ҳаёти тугади ва сиёсий партия бошланди. 1938 йилда Миср ва Эрон сулолалари ўзаро манфаат учун келишиб олишди. Фавзия Эрон тахти вориси Муҳаммад Ризо Паҳлавийга турмушга чиқди. Қоҳирадаги дабдабали тўйдан сўнг реал ҳаёт бошланди.

Теҳрон Қоҳирадек очиқ ва европача эмасди. Саройдаги муҳит оғир ва ишончсизликка тўла эди. Фавзия бу ерда аёл сифатида эмас, балки «функция» (валиаҳд туғиб бериши керак бўлган малика) сифатида қабул қилинди. Тил тўсиғи ҳам уларни ажратиб турарди: Фавзия форсча билмасди, Муҳаммад эса арабчани. Уларнинг никоҳи фақат француз тилида — яқинлик эмас, келишув тилида мавжуд эди. Шаҳнинг оиласи, айниқса унинг синглиси Ашраф Паҳлавий Фавзияни ҳеч қачон ўзлариники деб қабул қилмади. Муҳаммад Ризо шоҳ бўлгач, улар ўртасидаги масофа янада ошди.

 

Хиёнатлар ҳақидаги миш-мишлар Фавзияни депрессияга ва асаб бузилишига олиб келди. 40-йиллар ўрталарига келиб, унинг машҳур гўзаллигидан фақат соя қолганди. У кунларини ётоғида ёки карта ўйнаб ўтказарди. Шоҳ унинг хонасига кирмоқчи бўлганида эса, ичкаридан фақат бир жумла эшитиларди: «Илтимос, кетинг». 1945 йилда Фавзия «даволаниш» баҳонасида Мисрга кетди ва қайтиб келмади. Қоҳирада у ажрим учун ариза берди — бу ўша давр мусулмон дунёсидаги малика учун ақл бовар қилмас қадам эди. Теҳрон буни тан олишни истамади, аммо уч йилдан сўнг расмий ажрим эълон қилинди.

Бу озодликнинг баҳоси ўта оғир эди: Фавзия қизи малика Шаҳнозни Эронда қолдиришга мажбур бўлди. Бу она учун энг катта оғриқ эди, аммо бошқа йўл йўқ эди. Мисрга қайтган Фавзия гўёки тор корсетдан чиққандек бўлди. Кўп ўтмай у ўз хоҳиши билан ҳарбий амалдор Исмоил Ширинга турмушга чиқди. Бу сафар ҳеч қандай сиёсат ва етти кунлик тўйлар бўлмади. Фақат икки инсоннинг бирга яшаш истаги бор эди.

Фавзиянинг юзига яна ранг кирди, кўзларида ҳаёт пайдо бўлди. У уй-рўзғор, фарзандлари (Надия ва Ҳусайн) билан машғул бўлди. Ҳатто 1952 йилда Мисрда монархия ағдарилганда ҳам, у мамлакатни тарк этмади. У энди тизимнинг бир қисми эмасди. Улар Исмоил билан 45 йил бахтли ҳаёт кечиришди. Фавзия Фуад 2013 йилда Александрияда вафот этди. Уни юзлаб одамлар — малика сифатида эмас, балки ўзлигини сақлаб қолиш учун тахтдан ва тождан воз кеча олган жасур аёл сифатида сўнгги йўлга кузатишди. Унинг тарихи шуни англатадики: ҳақиқий ғалаба — бу бошингга қўйилган олтин тож эмас, балки ўзинг хоҳлагандек яшаш ҳуқуқидир.

Дўстларингизга ҳам юборинг: