Фолбинлик ва сеҳр-жоду билан шуғулланган эркак жазоланди
Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида 38 ёшли маҳаллий турғун фолбинлик ва сеҳр-жоду билан шуғуллангани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда кеча, 27 март куни Душанбе шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди. Қайд этилишича, эркак ўз яшаш жойида фуқароларни қабул қилиб, моддий манфаатдорлик эвазига фолбинлик хизматларини кўрсатиб келган.
Унга нисбатан Тожикистон Республикаси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 482-моддаси билан маъмурий баённома тузилган. Суд қарорига кўра, эркакка 80 ҳисоб кўрсаткичи миқдорида, яъни 6240 сомоний (тахминан 650 доллар) жарима тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг май ойида Тожикистон Жиноят кодексига ҳам жодугарлик ва фол очиш учун модда киритилганди. Янги 240-модда (“Жодугарлик ва фол очиш”) бўйича жиноий жавобгарлик, агар ушбу ҳаракатлар худди шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилган кундан бошлаб бир йил ичида содир этилган бўлса, юзага келади.
2025 йилнинг августида эса мамлакатда фолбин ва сеҳргарларга мурожаат қилганлик учун ҳам маъмурий жавобгарлик жорий этилди. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 482-моддасига “Сеҳргар, фолбин ёки жодугарнинг хизматидан фойдаланиш” банди киритилган.
