Стадионда чипта нархига туғруқхона хизмати ҳам қўшиб берилдими? Ўйин пайти қизиқ воқеа рўй берди
Миллий хоккей лигасининг (НХЛ) «Эдмонтон Ойлерс» ва «Вегас Голден Найтс» жамоалари ўртасидаги учрашув спорт тарихида кам учрайдиган воқеа билан муҳрланди. Ўйин давом этаётган бир пайтда мухлислардан бири аренанинг ўзида фарзандини дунёга келтирди.
Бу ҳақда учрашув шарҳловчиси Жек Майклс жонли эфир пайтида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, кўзи ёриган аёл «Эдмонтон» жамоасининг уй аренаси ҳисобланган «Роджерс Плэйс» ҳудудида бўлган. Воқеанинг бошқа тафсилотлари ҳозирча очиқланмаган бўлса-да, бу хабар хоккей оламида катта шов-шувга сабаб бўлди.
Учрашувнинг ўзи эса «Вегас» жамоасининг 5:1 ҳисобидаги ишончли ғалабаси билан якунланди.
