Араблар Путиндан хафа? Нега?..

Араблар Путиндан хафа? Нега?..

Эрондаги уруш сабаб Россия ҳамда Кўрфаз араб давлатлари ўртасидаги дўстона алоқалар дарз кетди. Буюк Британиянинг The Times газетаси ёзишича, Москва АҚШ ва Исроилга қарши урушаётган Эронни очиқ қўллаб-қувватлагани араб монархларига ёқмаган.

Эрон АҚШ ва Исроил ҳужумига жавобан Қўшма Штатланинг араб давлатларидаги база ҳамда объектларига ракета ва дронлар орқали зарба йўлламоқда. Тахминларга кўра, Россия Эронга АҚШнинг Кўрфаздаги объектларига зарба бериш учун сунъий йўлдош ва разведка маълумотларини тақдим этмоқда.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бу хабарни рад этди ва АҚШнинг ҳарбий базалари жойлашуви минтақада барчага маълум эканини билдирди. The Times нашрига кўра, араб давлатлари Москванинг бу баёнотидан қониқмаган ва Россия раҳбариятидан хафа бўлган.

Gulf Research Center ҳисоб-китобига қараганда, 28 февралдан 3 апрелга қадар Эрон араб давлатларига 6350 марта зарба йўллаган. Минтақадаги давлатлардан БАА энг кўп жабр кўрган, ракета ва дрон ҳамлаларининг 40 фоизи (2514 та ҳолат) амирликка тўғри келган. Россия Эронга ҳужумларда кўмак бераётгани ҳақидаги овозалар фонида БАА Россия билан дўстона муносабатларни давом эттириш мумкинми деган масалани фаол муҳокама қилаётгани айтилмоқда.

Россия ҳамда араб давлатлари ўртасидаги дипломатик зиддият халқаро ташкилотлар фаолиятида ҳам намоён бўлмоқда. Гап шундаки, араб давлатлари БМТ Хавфсизлик кенгаши орқали Эронга Ҳўрмуз бўғозини очиш талаби қўйилган резолюцияни қабул қилишга уринди.

Куни кеча Кенгаш Ҳўрмуз бўғозини очиш учун Эронга қарши куч ишлатишга рухсат берувчи резолюцияни рад этди. Мазкур ҳужжатга Россия ва Хитой вето қўйган.

Ушбу ташаббус араб давлатлари учун рамзий маънога эга эди. Мудофаа борасида тўлиқ АҚШга суянган араблар Эронга қарши ҳарбий куч ишлатиши даргумон. Аммо улар БМТ Хавфсизлик кенгаши маъқуллаган ҳужжат орқали халқаро майдонда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ва дипломатик қўллов олишни мўлжаллаган эди.

Ҳўрмуз бўғози орқали энергия манбаларининг тўсқинликсиз ўтиши БАА, Қатар, Кувайт, Баҳрайн, Саудия Арабистони каби давлатлар учун ўта муҳим аҳамият касб этади. Чунки бу давлатлар нефть ва газнинг асосий қисмини бўғоз орқали экспорт қилади.

Financial Times ҳисоб-китобига кўра, Эрон АҚШ ва Исроил агрессиясига жавобан бўғоздаги ҳаракатни қатъий назоратга олгани ва минтақадаги энергетика объектларига зарба бергани оқибатида Кўрфаз мамлакатлари кунига 2,3 миллиард доллар зарар кўрмоқда.

Иқтисодий зарар ошиб бориши фонида Россиянинг БМТ резолюциясига вето қўйиши араблар томонидан “хиёнат” сифатида баҳоланмоқда.

2022 йил февраль ойида Россия Украинага қарши уруш бошлаганида аксар араб давлатлари бетараф позицияни эгаллади. БАА, Қатар ва Саудия Арабистони Москва ва Киев ўртасидаги музокараларга воситачилик қилгани ҳам маълум. Аммо Эронга қарши уруш бошлангач, Москва бетараф мақомда қолмай, очиқ-ошкора Теҳроннинг тарафини олгани арабларга хуш келмаган.

Ана шу вазиятда тўрт йил мобайнида Россияга қарши урушда тобланган Украина Эрон дронларини уриб тушириш борасида арабларга кўмак таклиф қилди.

Украина президенти Владимир Зеленский март ойида Кўрфазга турнеси давомида Саудия, Қатар, БАА билан мудофаага оид битим имзолади.

Айрим таҳлилчиларга кўра, Эрондаги уруш якунлангач, араб давлатлари Россияга нисбатан позициясини қайта кўриб чиқиши, ҳатто Украинага очиқ кўмак бериши мумкин.

Дўстларингизга ҳам юборинг: