Ғарб университетларида инқироз: бу хорижда ўқиш танловига қандай таъсир қилмоқда?

Ғарб университетларида инқироз: бу хорижда ўқиш танловига қандай таъсир қилмоқда?

АҚШ ва Буюк Британияда олий таълим бозорида инқироз кучаймоқда. The Wall Street Journal ва The Guardian хабар беришича, бу ҳолат хорижда таълим олишни режалаштираётган талабалар қарорларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Буюк Британия: қарзлар ва сифат муаммоси
Higher Education Policy Institute (HEPI) маълумотига кўра, қатор британ университетлари катта қарзларга ботган ва имкониятидан ортиқ талабаларни қабул қилмоқда.

Натижада аудиториялар тўлиб кетган, талабалар турар жойи етишмаяпти. Айрим олийгоҳларда қарзлар йиллик даромаддан бир неча баробарга ошиб кетган.

Шу билан бирга, ўқитувчилар маошининг пастлиги сабабли тез-тез иш ташлашлар кузатилмоқда. Бу эса дарсларнинг қолдирилиши ёки кўчирилишига олиб келиб, таълим сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

АҚШ: талабалар етишмовчилиги
АҚШда эса вазият бошқача: талабалар сони камаймоқда. The Wall Street Journal маълумотига кўра, яқин йилларда 400 га яқин хусусий коллеж ёпилиши мумкин.

Бу ҳолатга виза қоидаларининг кучайтирилиши ва ёшлар орасида олий таълимнинг аҳамиятига нисбатан шубҳалар ортиши сабаб бўлмоқда. Айрим ўрта даражадаги университетларда сўнгги 10 йилда талабалар сони деярли икки баробарга камайган.

Талаб ўзгармоқда
Мутахассислар фикрича, бу ўзгаришлар хорижда ўқишни режалаштираётган талабалар, жумладан Россия ва бошқа давлатлар ёшлари учун янги йўналишларни очмоқда.

Энди кўпчилик нафақат машҳур университетлар, балки аниқ мутахассислик бўйича кучли бўлган олийгоҳларни танлашга ҳаракат қилмоқда.

Осиёга қизиқиш ортиб бормоқда
Инқироз фонида Осиё мамлакатларига қизиқиш ортиб бормоқда. Хитой, Жанубий Корея, Сингапур ва Япония каби давлатлар нисбатан арзон ва сифатли таълим имкониятларини таклиф қилмоқда.

Шунингдек, икки дипломли дастурлар — яъни АҚШ ёки Европа университетлари билан ҳамкорликдаги таълим шакллари ҳам оммалашмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: