ХАЛҚНИНГ ЧИБИНИНИ СЎРАЁТГАН «БЕПУЛ» ХИЗМАТЛАР: БИЗ КИМГА ВА НЕГА ОЙЛИК ТЎЛАЯПМИЗ?
Бугунги кунда оддий фуқаронинг чўнтаги худди «ғалвир»га ўхшаб қолди – қаерга борсанг, пул тўкилади. Энг қизиғи, бу пуллар фақат товар ёки хизмат учун эмас, балки бировнинг вазифасини бажаргани учун ҳам чиқиб кетмоқда.
💸 Пайнет: «Ҳаво»дан пул қилувчи 3 фоиз
Тасаввур қилинг, сиз 100 минг сўм пул тўламоқчисиз. Лекин манзилга атиги 97 минг сўм етиб боради. Нега? Чунки ўртадаги «воситачи» шунчаки тугмани босгани учун сиздан 3 минг сўмни суғуриб олади. Бу тизим шу даражада халқнинг қонига сингиб кетдики, ҳеч ким «Нима учун мен ўз пулимни тўлаганим учун яна қўшимча тўлашим керак?» деб сўрамай қўйди.
⛽️ Заправкадаги «кўнгилли» мажбурият
Энг катта мантиқсизлик ёқилғи қуйиш шохобчаларида содир бўлади. Заправка – бу бизнес. У ерда ишлайдиган ходимнинг ўз вазифаси бор: машинага бензин қуйиш. Бунинг учун унга хўжайини ойлик тўлаши шарт! Аммо бизда манзара бошқача: Машинага бензин қуйган ходимга «хизмат ҳақи» сифатида яна 2-3 минг сўм берасиз. Бермасангиз, сизга худди «қарздор»дек ёки «хасис»дек қарашади.
Мантиқий савол: Нега заправка хўжайини ўз ходимига халқнинг ҳисобидан ойлик тўлаттириши керак? Халқ шундоқ ҳам бензинни дунё бозоридагидан қимматга сотиб олмаяптими?
📉 6 фоизлик «талончилик»
Ҳисоблаб кўринг: Пайнетдан 3%, заправкачига 2-3%. Натижада, ҳали бензин бакига тушмасдан туриб, пулингизнинг 5-6 фоизи ҳавога учиб кетди. Бу кичик рақам бўлиб кўриниши мумкин, лекин ойига миллионлаб сўм ишлатадиган ҳайдовчи учун бу йил давомида бир неча юз минглаб беҳуда сарфланган маблағ демакдир.
📢 Хуллас…
Бугунги тизим халқни аста-секин «соғин сигир»га айлантириб бўлди. Заправка ходимига ҳам, воситачига ҳам халқ ойлик тўлаши керак эмас. Ҳар бир тадбиркор ўз ишчисини ўзи боқиши, хизмат учун ҳақни эса товар нархига инсоф билан сингдириши лозим.
Халқни талашдан бошқа иш кўрмаётган бу «хизмат кўрсатиш» маданияти қачон тугайди? Қачон биз фақат товар учун ҳақ тўлайдиган бўламиз?
Феруза Орипова
