Шўрликларни шўрлари қуриб қолибди!..
Лондон клуби Премьер-лигадан тушиб кетиш хавфи туфайли молиявий жарлик ёқасига келиб қолди. Футбол молияси бўйича эксперт Роб Уилсоннинг огоҳлантиришича, Чемпионшипга равона бўлиш «шпорлар» учун тахминан 200 миллион фунт стерлинг миқдоридаги даромад йўқотилишига олиб келади. Янги шароитда омон қолиш учун клуб иш ҳақи фондини мисли кўрилмаган даражада — 75 фоизга қисқартиришга мажбур бўлади.
— Даромад нуқтаи назаридан, дастлабки пасайиш тахминан 250 миллионни ташкил этади, — деб тушунтиради Уилсон. — Бу телетрансляциялар ва тижорий тушумларнинг кескин камайишидир. 45 миллион фунтлик «парашют тўловлари» (ёрдам пуллари) зарбани бироз юмшатади, холос. Реаллик шундаки, Чемпионшип бюджетига мослашиш учун маошларни тўртдан уч қисмга қисқартиришингиз керак бўлади.
Экспертнинг ишончи комилки, клуб қуйи лигага тушиб кетган тақдирда, Европанинг етакчи клублари лондонликларнинг активларига «ҳужум» бошлайди: — Сиз клубларнинг «Тоттенҳэм» атрофида худди ўлаксахўр қушлардек айланишига гувоҳ бўласиз. Арчи Грей ва Кристиан Ромеро каби футболчилар катта эҳтимол билан жамоасини ўзгартиради. Энди майдон эгалари учун қолган олтита ўйиннинг ҳар бири ҳаёт-мамот масаласига айланади.
