Хитой ҳарбий кемалари Окинава ороллари яқинидан ўтди. Минтақада кескинлик кучаймоқда

Хитой ҳарбий кемалари Окинава ороллари яқинидан ўтди. Минтақада кескинлик кучаймоқда

Хитой Халқ озодлик армиясининг (ХХОА) эсминец бошчилигидаги ҳарбий кемалар гуруҳи Япониянинг Окинава префектураси таркибидаги ороллар оралиғидаги сув йўлидан ўтди. Хитой томони буни Тинч океанидаги узоқ масофали ўқув машғулотларидан қайтиш деб изоҳлади.

ХХОА Шарқий қўмондонлигига тегишли бўлган ушбу гуруҳ Йонагуни ва Ириомоте ороллари оралиғидаги тор йўлакдан ҳаракатланган. Мазкур сув йўлининг кенглиги тахминан 65 км бўлиб, Япония ўз ҳудудий сувларини (қирғоқдан 22 км масофа) бузиб ўтган ҳар қандай хорижий кемага нисбатан чора кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Ушбу ҳаракатлар Япония эсминецининг Тайван бўғози орқали ўтганига Пекиннинг жавоби сифатида кўрилмоқда. Хитой расмийлари Япониянинг ҳаракатларини «қасддан қилинган провокация» ва суверенитетга таҳдид деб атаган эди.

Ўз навбатида, мамлакат Бош вазири Санаэ Такаичи Хитойнинг Тайванга эҳтимолий ҳужуми Япониянинг ҳарбий жавобига сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлаган. Тайвандан атиги 110 км узоқликда жойлашган Йонагуни ороли айни дамда ҳар икки давлатнинг ҳарбий диққат марказида бўлиб турибди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: