Мен ҳам оловда у билан бирга ёнайин!

Мен ҳам оловда у билан бирга ёнайин!

Мен ҳам бирга ёнайин
Иброҳим алайҳиссалом ёниб турган оловга ташланган пайтда бутун фаришталар, бутун ҳайвон ва қушлар йиғладилар. Олов атрофида тўпланиб, Иброҳим алайҳиссаломга бирон ёрдам бериш чорасини изладилар.
Улар орасида кичкинагина булбул ҳам бор эди. У энди ўзини оловга ташламоқчи бўлганида Ҳақ таоло Жаброил алайҳиссаломга буюрдики:
– Бу қушни тўхтат ва нима ниятда бундай қилмоқчи эканини сўра.
Жаброил алайҳиссалом қушни тўхтатди, қандай ниятда эканлигини сўраганида, қуш:
– Халилуллоҳни гулханга ташладилар. Модомики қутқаришга қодир эмас эканман, ҳеч бўлмаса мен ҳам оловда у билан бирга ёнайин.
Ҳақ таоло:
– Бу қушнинг мендан қандай истаги бор экан? – дея сўради.
Булбул: “Менинг дунёда Аллоҳу таолонинг исмини ёд этишдан бошқа орзум йўқ. Минг бир исми бор эканлигини эшитдим. Юз бир исмини биламан. Қолган тўққиз юз исми шарифини ҳам билишни хоҳлайман” деди. Ҳақ таоло қушнинг тилагини ижобат қилди. Ҳозир ҳам боғу роғларда сайраётган булбул Аллоҳу таолонинг ўша бизга номаълум исмларини тараннум қилмоқда.
Намруд ёққан олов Иброҳим алайҳиссалом учун гулзорга айланганида, булбул келиб гул шохига қўниб, сайрашни бошлади. Шу пайтдан то қиёматгача гулга кўнгил қўйиб, чаманзорга ошиқ бўлди.
Дўстларингизга ҳам юборинг: