Криштиану Роналду қандай қилиб ёшлик формасини сақлаб қолмоқда?

Криштиану Роналду қандай қилиб ёшлик формасини сақлаб қолмоқда?

Футбол тарихидаги энг яхши тўпурар Криштиану Роналдунинг собиқ ошпази Жоржо Бароне португалиялик ҳужумчининг овқатланиш тартиби ҳақидаги қизиқарли маълумотларни очиқлади. Бу ҳақда The Sun нашри хабар бермоқда.

 

Ошпазнинг сўзларига кўра, Роналдунинг ажойиб спорт формаси нафақат тинимсиз меҳнат, балки қатъий интизом натижасидир. Жумладан, футболчи сут маҳсулотларидан бутунлай воз кечган.

 

“Роналду сут ичишдан қочади, чунки унинг фикрича, сут инсон организми учун табиий эҳтиёж эмас. У сутнинг ўсимликлардан олинадиган муқобил турларини афзал кўради”, дейди Жоржо Бароне.

 

Роналдунинг таомномасида шакар ва унли маҳсулотларга ҳам ўрин йўқ. У қувват манбаи ҳисобланган углеводларни макарон ёки нон каби хамир овқатлардан эмас, балки фақат сабзавотлардан олишни одат қилган. Ошпаз футболчининг бир кунлик таомномасини қуйидагича таърифлайди:

 

“Роналду нонуштага авокадо, тухум ва мутлақо шакарсиз қаҳва истеъмол қиларди. Тушликда эса доим товуқ ёки балиқни сабзавотлар билан бирга тановул қилади. Унга ҳеч қандай унли маҳсулотнинг кераги йўқ. Футболчи барча керакли элементларни сабзавотлардан олади. Криштиану кечки овқатда эса жуда енгил тамадди қилади: одатда балиқ ёки гўшт филеси ҳамда сабзавотлар билан чекланади”.

 

Эслатиб ўтамиз, Криштиану Роналду 41 ёшни қарши олганига қарамай, ҳамон юқори савияда тўп сурмоқда. Футболчи жорий мавсум “Ан-Насср” таркибида жами 31 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 26 та гол ва 4 та голли узатма ёздириб қўйган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: