Бобур Мансуров: «Менга мукофотни ноҳақ беришди, деган фикрга қаршиман»
Актёр ва блогер Бобур Мансуров 15-апрель — “Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъат ходимлари куни” муносабати билан “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу ижтимоий тармоқларда турли фикрларга сабаб бўлди.
Бобур Мансуров бу ҳақда фикр билдириб, мукофотни ноҳақ беришди, деган фикрга қўшилмаслигини таъкидлади.
“Ҳаммага ҳам бирдек ёқавермайсиз. Ижодингизни ҳамма бирдек қабул қилавермас экан. Ким қанақа эканини, кимнинг менга муносабати қанақа эканини кўрдим. Тўғри, мен мукофот берилишини умуман кутмаганман. Лекин мен “ноҳақ олдим, таниш-билиш қилишди”, деган фикрларга қаршиман. Айтмоқчиманки, 12 йилдан бери санъат ичида юрибмиз.
Тўғри, санъатда пул ишламасдан ҳам, ойликсиз ҳам сериалларда ишлаганмиз, спектаклларда, вилоятларда ишлаганмиз. Кимлардир фақат блогерлик фаолиятимни кўришяпти. Давлат тадбирларида ёки давлат билан ҳамкорликда роликлар ишланган, озгина бўлса ҳам ҳиссамиз теккан. Шуни инобатга олиб, бизга беришди. Мен буни “бекор беришди”, деб умуман ўйламадим. Ўзим учун ким қанақа эканини ва ҳаммага ҳам бирдек ёқавермаслигингизни билдим.
Агар биз ижодкорларни шундай қўллаб-қувватламасак, фақат негатив билан ёмонлайверсак, “кино ёмон, кино ёмон”, дедик, ўзимиз ўлдирдик кинони. Мана ҳозир блогерлик ривожланяпти, ёмонлайверилса бу ҳам ўлади. Кейин биздан баттар бошқа нарсалар ҳам чиқиб келади ва одамлар шу нарсани кўришга мажбур бўлади.
Масалан, ёш болалар чет-элнинг бачкана ва бизнинг менталитетимизга тўғри келмайдиган нарсаларини кўриб ўтирибди. Ундан кўра, бизнинг ўзимизнинг, фақат менинг демаяпман, бошқа яхши блогер йигитлар ҳам бор, шуларнинг контентларини кўрган яхши. Лекин биз ҳозир битта камчиликни кўриб, ёмонлашни билиб қолдикда. Мана шу нарсани ўзгартиришимиз керак. Сал бўлса ҳам ижодкорларни қўллаб-қувватлашимиз керак, бўлмаса пастга қараб кетаверамиз», — деди Бобур Мансуров.
