Ўзбекистонда жарима майдончасидаги машинани онлайн чиқариш мумкин бўлади

Ўзбекистонда жарима майдончасидаги машинани онлайн чиқариш мумкин бўлади

Ўзбекистонда жарима майдончасига жойлаштирилган автомобилларни эндиликда онлайн тарзда олиб чиқиш мумкин бўлади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 28 апрелдаги қарори билан белгиланди.

Янги тартибга кўра, автомототранспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариш учун энди Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига электрон мурожаат юбориш мумкин. Ҳайдовчилар бунинг учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz, ЙҲХХнинг махсус мобил иловаси ёки Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат қилади.

Қарорга мувофиқ, мурожаат келиб тушгач, ариза берувчининг маълумотлари ҳамда транспорт воситасининг ушлаб турилишига сабаб бўлган ҳолатлар автоматлаштирилган ахборот тизими орқали текширилади. Жарима майдончасига жойлаштиришга сабаб бўлган қоидабузарлик бартараф этилгани аниқланса ёки маъмурий иш бўйича қонуний қарор қабул қилинган бўлса, мурожаат кўриб чиқилади.

Шундан сўнг мурожаатчига 1 иш куни ичида автомобилни жарима майдончасидан олиб чиқишга рухсат берувчи электрон хабарнома юборилади. Мазкур тартиб автомобил эгалари учун жараённи соддалаштириш, ортиқча вақт ва оворагарчиликни камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Порталда, шунингдек, яна бир янги имконият ишга тушди. Эндиликда автомобил ойналари тусини ўзгартириш (тонировка) учун рухсатнома олишда транспорт воситаси эгасини кутиш шарт эмас. Электрон ишончномаси бор ҳайдовчилар ҳам мустақил равишда my.gov.uz орқали ариза юборишлари мумкин.

Дўстларингизга ҳам юборинг: