ҲАКАМ ВАР БИЛАН «ЎЙНАДИ»

ҲАКАМ ВАР БИЛАН «ЎЙНАДИ»

Мадриддаги «Метрополитано» стадионида Чемпионлар Лигасининг иккинчи ярим финал баҳси доирасида «Атлетико» ва «Арсенал» ўртасидаги аёвсиз қарама-қаршилик бошланди.

Учрашувдаги илк хавфли вазият олтинчи дақиқадаёқ юзага келди. Мартинелли ва Инкапье узатилган тўпга баравар ташланишди, аммо бир-бирларига халақит бериб қўйишгани сабаб, тўп дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди — гол учун имкон қолмади.

Кўп ўтмай, мезбонларда ҳам имконият туғилди. Альварес жарима майдончаси ташқарисидан чиройли бурилиб, дарвоза бурчагига кучли зарба йўллади, бироқ Райя сакрашда тўпни бурчакка чиқариб юборди.

30-дақиқада Мадуэкеда яхши имконият бўлди, лекин унинг зарбаси узоқ бурчакдан сал наридан ўтди. Танаффус арафасида эса ҳакам Ганцконинг Дьёкерешга нисбатан ишлатган қўполлиги учун пенальти белгилади. Облак венгриялик ҳужумчининг зарба йўналишини топди, аммо Дьёкерешнинг зарбаси шу қадар кучли эдики — 0:1!

Иккинчи бўлимни «Атлети» шиддатли ҳужумлар билан бошлади. Кардозу хавфли жарима зарбасини ишлаб олди, Альвареснинг зарбаси эса устуннинг бир неча сантиметр ёнидан ўтди. Бироздан сўнг Лукман Альвареснинг узатмасидан кейин чап оёқда зарба берди, аммо Райя ўз ўрнида. Гризманннинг қайтган тўпга берган зарбасини эса Габриэл блоклашга улгурди.

Мезбонларнинг навбатдаги ҳужумида Льорентенинг зарбасидан сўнг тўп майдонга тегиб, Уайтнинг қўлига тегди. Ҳакам ВАРни кўриб, пенальти белгилади. Альварес Райяга ҳеч қандай имконият қолдирмай, чап бурчакни аниқ нишонга олди — 1:1!

«Атлетико» босимни давом эттирди ва иккинчи голни уриши шарт эди: Гризманн йиқилган ҳолатда зарба бериб тўсинни нишонга олди, ҳужумнинг давомида эса ҳимоячига тегиб бурчак тўпига айланди. Кўп ўтмай, Лукман қандайдир мўъжиза туфайли ҳимоячилар қуршовидан чиқиб кетди ва тўғри Райянинг устига зарба берди. Бу «Атлетико»нинг иккинчи бўлимдаги 12-зарбаси эди, «Арсенал»да эса кўрсаткич нолга тенг бўлиб қолди.

78-дақиқада ҳакам Ганцконинг Эзега ишлатган қўполлиги учун яна бир пенальти белгилади. Бироқ, такрорий лавҳаларни кўргач, рефери ўз қарорини бекор қилди.

1:1 — финал йўлланмаси тақдири Лондонда ҳал бўлади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: