Дунёдаги энг кекса пингвинга балиқли торт совға қилинди

Дунёдаги энг кекса пингвинга балиқли торт совға қилинди

Британиядаги Paradise Park қўриқхонасида Спнеб лақабли урғочи Humboldt penguin пингвинининг туғилган куни кенг нишонланди. Расмий маълумотларга кўра, у ҳозирда дунёдаги энг кекса пингвин ҳисобланади.

Спнебга байрам муносабати билан ўзига хос совға — улкан музли торт тақдим этилди. Бу торт унинг севимли егуликлари — корнуолл сардиналари ва шпротлар билан безатилган бўлиб, пингвин уни меҳмонлар кўз ўнгида иштаҳа билан ейди.

Унинг “Спнеб” лақаби ҳам бежиз эмас. Бу ном 2007 йилда унинг ҳаётини сақлаб қолган дори воситаларининг қисқартмасидан келиб чиққан. Ўша пайтда у оғир Aspergillosis касаллигига чалинган, аммо тўрт ой давом этган даволашдан кейин тўлиқ соғайган.

Маълумот учун, Humboldt penguin турига мансуб пингвинлар Жанубий Американинг ғарбий соҳилларида яшайди. Улар иссиқ ҳавога мослашган бўлиб, тумшуғидаги махсус ҳудудлар орқали ортиқча иссиқликни чиқара олади — қизариш орқали организм ҳароратини назорат қилади.

Спнеб эса нафақат ёши, балки ҳаётга бўлган чидамлилиги билан ҳам кўпчиликни ҳайратда қолдирмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: