“АҚШ ишларига аралашманг!”

“АҚШ ишларига аралашманг!”

АҚШ президенти Доналд Трамп Германия канцлери Фридрих Мерцга нисбатан кескин баёнот билан чиқди. У канцлерни Қўшма Штатлар ички ва ташқи сиёсатига камроқ аралашишга чақириб, эътиборини Германиядаги муаммоларга қаратишни тавсия этди.

 

Трамп ўзининг Truth Social саҳифасида ёзишича, Мерц аввало ўз мамлакатидаги муаммоларни ҳал этишга эътибор бериши керак. Хусусан, у Германияда миграция сиёсати ва энергетика тизимидаги камчиликларни танқид қилиб, бу соҳаларда жиддий ислоҳотлар зарурлигини урғулаган.

 

“Германия раҳбари Россия ва Украина ўртасидаги урушни якунлаш борасида самарасиз бўлди. Энди эса ўз мамлакатидаги тизимни тиклаш билан шуғулланиши лозим”, — дея таъкидлади Трамп.

Шунингдек, АҚШ раҳбари Эрон томонидан юзага келаётган ядровий таҳдидга қарши кураш масаласида ҳам фикр билдириб, бу йўналишда АҚШ ҳаракатларига ташқи аралашувлар ноўрин эканини қайд этди. Унинг фикрича, айнан шу чоралар дунё хавфсизлигини, жумладан Германия барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мерц АҚШнинг Эрон билан боғлиқ стратегиясини танқид қилиб, Вашингтоннинг аниқ режаси йўқлигини билдирган эди. У музокаралар жараёнида Теҳрон ўзига қулай тактика танлаётганини ҳам таъкидлаган.

 

Таҳлилчиларга кўра, икки етакчи ўртасидаги бу кескин фикр алмашинуви трансатлантик муносабатларда янги таранглик юзага келаётганидан дарак бериши мумкин.

Дўстларингизга ҳам юборинг: