ЎҒИЛ БОЛА ТАРБИЯЛАЯПМИЗМИ ЁКИ «НОЗИКНИҲОЛ»?
Бугун мактабларимизда бир ҳолат бор: 7 ёшгача боғчада — аёллар, 18 ёшгача мактабда — аёллар. Ўғил бола, қайсики юрт бошига иш тушганда кўкрак кериб туриб бериши керак бўлган эр йигит, 18 йил давомида «аёллар салтанати»да камол топмоқда. Хўш, натижа-чи?
«Аёллар салтанати»даги шаҳзодалар
Кейинги пайтларда кўча-кўйда «вой ўлай»чи йигитлар кўпайиб кетмаяптими? Сочи узун, калта пайпоқ, ҳаракатлари назокатли… Онасининг оғзига қараб турадиган «эркатойлар» армияси шаклланаётгандек.
Бир ўқувчини биламан: юқори синф, гавдаси анчагина. Лекин қаттиқроқ гапирсангиз, кўзига ёш олади. Дағаллик йўқ, қўполлик йўқ — бу яхшидир, балки. Лекин унда ЭРКАКликка хос шижоат ҳам йўқ! Қизлар билан тез тил топишади, аммо тенгқур йигитлар билан даврада ўзини бегонадек ҳис қилади. Сабаби — муҳит ва ҳаддан ташқари кучли назорат.
Қафасдаги шер — шерми?
Оиладаги назоратни кўринг: «Қаердасан? Ким билансан? Дарсингни қил! Кўчада юрма! Гап қайтарма! Тўғри уйга кел!»
Бу ўғил бола тарбиясими ёки уй қушини етиштиришми? Шу муҳитда ўсиб келаётган боланинг руҳиятида «эр йигит»ни кўряпсизми? Ҳарбийларда бир гап бор: «Бир марта бўлса ҳам самаволкага (рухсатсиз ташқарига) чиқмаган аскар, генерал бўлолмайди».
Агар ўғлингизни ҳақиқий «генерал» қилмоқчи бўлсангиз, уни темир қафасда тутманг. У ҳаётни кўрсин, йиқилсин, тиззаси шилинсин, муаммони ўзи ҳал қилишни ўргансин. Умрида бир марта бўлса ҳам «самаволка»га чиқишга журъати етсин!
Мактабларга эркак ўқитувчиларни қайтарайлик!
Вояга етаётган ўғил болалар билан уларнинг отаси, бобоси, тоғаси ва албатта, мактабда ЭРКАК ЎҚИТУВЧИЛАР шуғулланиши шарт. Эркак кишининг нигоҳи, овози ва талабчанлиги боланинг характерини тоблайди. Ўғил бола дегани ернинг жигарини суғуриб оладиган шижоатга эга бўлиши керак эмасми?
Ибратли ривоят: Муҳитнинг кучи
Қадимда бир подшоҳ ўтибди. Унинг етти нафар қизи бўлиб, тилаб-тилаб бир ўғил кўрибди. Шаҳзода етти опанинг ичида, аёллар қуршовида «вой ўлай»чи, нозик бўлиб улғайибди. Подшоҳ хавотирга тушибди: «Бутун давлатимни, халқимни шу нозикниҳолга қандай ишониб топшираман?»
Вазири бир чора топибди: «Шоҳим, шаҳарнинг энг безори, қароқчи ва «жин кўча» болаларини тўплаб, шаҳзодани бир йил уларга қўшиб қўяйлик. Зора, ўшаларнинг ичида пишиб, ҳақиқий эркак бўлса».
Орадан бир йил ўтиб, подшоҳ ўғлидан хабар олгани борса, кўзларига ишонмабди. Ҳалиги безори қароқчилар подшоҳни кўриб, титраб-қақшаб: «Вой ўлай, шоҳим, бизни кечиринг… Вой ўлмасам!» деб ўтиришганмиш.
Бир йил ичида шаҳзода эркак бўлиш ўрнига, ўша қароқчиларни ҳам ўзига ўхшатиб, «вой ўлай»чига айлантириб қўйган экан…
Хулоса сиздан: Биз фарзандларимизга қандай муҳит яратиб беряпмиз? Уларни кимлар тарбиялаяпти? Агар бугун уйғонмасак, эртага «ернинг жигарини суғуриб оладиган» полвонларни фақат китобларда ўқиймиз.
Муаллиф: Эркинжон Ярашев
