Трамп: «Нима қиламиз, энди? Ўхшамади, ўхшамадида!..»
АҚШ Президенти Дональд Трамп 5 май куни Ҳурмуз бўғозида кемаларни кузатиб бориш бўйича «Озодлик лойиҳаси» (Project Freedom) миссияси вақтинчалик тўхтатилганини эълон қилди.
«Покистон ва бошқа мамлакатларнинг илтимоси, Эронга қарши кампания давомида эришган улкан ҳарбий муваффақиятларимиз, шунингдек, Эрон вакиллари билан тўлиқ ва якуний келишувга эришиш борасидаги сезиларли илгарилашлар туфайли… «Озодлик» лойиҳаси тўхтатилади», — деб ёзди Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Трамп ушбу тўхтатиш қисқа муддатли хусусиятга эга эканлигини ва Теҳрон билан якуний келишувга эришиш имкониятини текширишга қаратилганини таъкидлади. Шу билан бирга, Эрон портларининг блокадаси давом этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, 4 май куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Америка армияси Ҳурмуз бўғозида тўсиб қўйилган кемаларни озод қилишни бошлашини маълум қилган эди. Операция «Озодлик» деб номланиб, АҚШ ва Эрон номидан инсонпарварлик ишораси бўлиши айтилганди. Теҳрон эса, ўз навбатида, Ҳурмуз бўғозидаги янги денгиз тартибига ҳар қандай Америка аралашуви сулҳнинг бузилиши сифатида қаралишини эслатиб ўтди.
