Абдуқодир Ҳусановнинг жароҳати шу қадар жиддийми?
Абдуқодир Ҳусанов жароҳати сабаб «Манчестер Сити»нинг Премьер-лигадаги «Брентфорд»га қарши учрашувини ўтказиб юборди.
Сўнгги ҳафталарда Марк Геxи билан ишончли ҳимоя жуфтлигини ҳосил қилган марказий ҳимоячи ўйин қайдномасига киритилмади. Жамоа бош мураббийи Хосеп Гвардиола футболчининг ҳолати жиддий эмаслигини айтган бўлса-да, у «асаларилар»га қарши баҳсга тайёр бўлмаганини таъкидлади.
«У «Эвертон»га қарши ўйинда Бетудан оғриқли зарба қабул қилди. Ҳозирча у тайёр эмас», — деди Гвардиола Sky Sports’га берган интервьюсида.
Шунингдек, «шаҳарликлар» яна бир йўқотишга учради. Родри ҳам «Брентфорд»га қарши баҳсда иштирок этмади. Аввалроқ Гвардиола унинг ўйинга тайёр бўлиши мумкинлигини айтган эди.
Жароҳатидан тикланган Йошко Гвардиол ҳам ўйин қайдномасидан жой олмади. Бироқ Рубен Диаш захира ўриндиғидан жой олишга тайёр ҳолатга келгани жамоа учун яхши янгилик бўлди.
Диаш ҳали асосий таркибда тушишга тўлиқ тайёр бўлмагани сабабли, Натан Аке Ҳусановнинг ўрнини эгаллади.
