Бало етаяпдими, қувонинг!
Мусибат – жазо эмас, даражалар юксалишидир!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Мўмин ва мўминага жонида, фарзандида ва молида бало (синов) етиши давом этаверади, ҳатто у Аллоҳга бирор гуноҳи йўқ ҳолда йўлиқади».
(Имом Термизий ривояти)
Ушбу ҳадисдан мушоҳада:
• Гуноҳлардан покланиш филтри.
Гоҳида истиғфоримиз камлик қилса, Аллоҳ таоло Ўз лутфи билан бошимизга бироз қийинчилик солади. Бу синовлар бизни охиратдаги оғир ҳисоб-китобдан олдинроқ гуноҳлардан ювиб, покиза ҳолга келтиради.
• Даражаларнинг юксалиши.
Шуни билингки, баъзан банданинг Жаннатда шундай бир юксак даражаси бўладики, унга фақат намоз ёки рўза билан етиб бўлмайди. Шунда Аллоҳ таоло ўша бандани синовларга рўпара қилади ва сабри эвазига уни ўша олий мақомга кўтаради. Демак, бошингизга келган қийинчилик – бу Аллоҳ сизни пастдан юқорига, Ўзига яқинроқ мақомга тортиб қўяётганининг белгисидир.
• Аллоҳнинг эътибори.
Агар ҳаётингизда синовлар тўхтамаётган бўлса, демак, Сиз Аллоҳнинг назаридасиз! У Сизни Ўзига энг тоза, энг мукаммал ҳолатда рўпара бўлишингизни истаяпти.
Хулоса, «Нега мен?» деб нолиманг, балки: «Роббим мени поклаб, даражамни кўтармоқчи шекилли», деб ҳусни зон қилинг. Сабр қилувчиларга бериладиган ажр эса ҳисобсиздир.
🤲 Аллоҳ таоло синовларимизни даражаларимизни кўтарувчи ва гуноҳларимизни тўкувчи қилсин!
