МЕНИНГ ИСМИМ… ҚАРЗДОР!
–Исмингиз нима, дейсизми? Исмимни сўраб нима қиласиз?
–Ахир, нотанишлар бир-бирининг исмини сўраб танишишади-ку…
–Э-э, меникини сўраманг…
–Нега?
–Барибир, айтсам – ишонмайсиз.
–Айтаверинг-чи.
–Менинг исмим – Қарздор!
–Ие, шунақасиям бўладими?
–Бўларкан. Ҳаммаёқдан қарзга ботиб кетсанг, бўларкан.
–Асл исмингиз нима?
–Сардор эди. Энди унутиб юборганман. Ҳамма қарздор, деб чақиравергач, эсингдан ҳам чиқиб кетаркан…
–Нега шунақа бўлган?
–Э, сиз сўраманг, мен айтмай. Ҳаммаси хотин муддатли тўловга телефон оберинг, дея қилган хархашасидан бошланди. Ўзи ўқитувчининг ойлигига амал-тақал рўзғорни эплаб турувдим. Ойма-ой 200-300 мингдан бўлиб, уни тўладим. Энди қутилдим, десам, яна минғирлади. Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига, деганларидек, телевизор, музлаткич, совуткич олдик. Кейин дарвоза қурмасак бўлмайди, деб бошимни ғовлатди. Э, хотин, ҳовлининг уч томонида девор бўлмаса, дарвоза нега керак, дедим. Тўғрими?
–Тўғри…
–Ана, айтмадимми?! Йўқ, хотиндан қутилиб бўлмади. Баҳонасини қаранг: биров келса, нимани таққиллатади, дейди. Эшик қоқмай, шундай кириб келаверади-да, деб ҳам қутилмадим. Банкдан кредит олиб, каттакон дарвоза қурдирдим. Уй ўзи бир аҳволда. Сувоқ ҳам қилинмагану, лекин жуда чиройли темир дарвоза эски иштонга янги ямоқдек “ярашиб” тушди. Кейин…
–…уни узвордингизми?
–Қайдан узаман? Битимгами? Ўқитувчининг ойлиги нима бўларди? Меҳнат таътилига чиққанда, амал-тақал бир қисмини тўладим. Кейин…
–Нима бўлди?
–Э-э, қулоқ солиб турсангиз-чи, савол беравермай. Кейин яна хотиннинг чакаги очилди. Энди уйларни таъмирламасак бўлмас эмиш. Меҳмон-измоннинг олдида уятга ўлаётганмиш. Ўзи бизникига унинг бир-икки уруғидан ташқари ҳеч ким келмайди. Унамадим…
–Тўғри қилибсиз!
–Нимани тўғри қиламан? Барибир, унатди. Уй қуриш, таъмирлашга маҳалладан имтиёзли кредит берилаётган эмиш, шундан оламиз, деди. Ҳадеб минғирлайвергач, бор-э, билганингни қил, дедим. Маҳалла раисига ялиниб-ёлвориб, кредит ундирди, қурмағур. 30 миллион сўм!
–Зўр-ку!
–Нимаси зўр?
–Анча пул экан-ку. Материал, уста ҳақига етиб, ортиб ҳам қолгандир?..
–Қайда етади? У пул анави… нима дерди? Янги сувоқ бор экан-ку… Ҳа, эсладим. Атаченто-матачентомиди?.. Ҳа, травертин сувоқ. Ўшанинг ўзига зўрға етди. Ўзимиз қишлоқда, бўлиб ҳам энг чеккасида турсак. Биздан кейин ер тугайди, ишонасизми?
–Қанақасига тугайди? Ер думалоқ-ку…
–Сиз ҳам афанди экансиз-ку. Шаҳарликлар чекка қишлоқларни шунақа, дейишади. Бу, биздан кейин ҳеч ким яшамайди, дегани.
–Ҳа… Кейин-чи?
–Ўттиз миллион ўттиз кунда тугади. Яна уй ичларини таъмирлаш ва бўёқ-сўёқларга яна ўн миллиондан ортиқ кетди.
–Яна кредит олдингизми?
–Энди менга ким ҳам кредит берарди? Дўкондан, усталардан қарз бўлдим. Ойма-ой кредит тўловлари муддати келиб қолади. Пластик картамдан ойма-ой қуртдек ечиб олишади. Анави “Атмос” деган иловаси пойлаб турадими, дейман-да. Биринчи сана келиши биланоқ беш тийин бўлса ҳам ечиб олади. Кейин картамга ойлик маошим тушиши билан қолганидан айриламан. Аввал бошда картамда анча-мунча пул қолаётган эди. Охирги ойларда картамга пул тушганию ечиб олишлар ҳақидаги хабарларни ўқиб қолишга улгурардим, холос. Унинг устига дўкончи, усталар келавериб, хит қилишяпти.
–Тирикчилик нима бўляпти? Ўқитувчиман, дедингиз-ку. Маошингиз жа кўпмасдир?..
–Ҳа, афсус-надоматлар билан айтаманки, ўқитувчиман. Отам ўқитувчининг косаси оқармайди, бошқа касб ё ҳунарнинг бошини ушла, деса, кўнмабман. Ана, синфдошим Соли қассоб. Биққидек семириб юрибди. Егани олдида, емагани ортида. Бутун қишлоқнинг ярми ундан насияга гўшт олади. Ё, пайвандчи уста Муродни олинг. Униям ҳамма ёғи бадастир. Бировда ҳаққи бўлса, бордирки, қарзи йўқ. Бўлмаса, икковиям мактабни зўрға битиришган эди. Қизил аттестатга битирган мен эса…
–Ҳа, тушунаман… Айтганча, ўқитувчиларнинг ойлиги минг долларга етказилди, дейишяпти-ку.
–Ким айтди? Бекорларнинг бештасини айтибди. Телевизордаги гапларга ишоняпсизми? Сизам ўзимизга ўхшаган лақма экансиз-ку-а?
–Энди ҳамма гапиряпти-да. Тирикчилик…
Нажмиддин Икромий: –Ўтиб турибди. Яхшиямки, томорқага у-бу экиб қўйганмиз. Қозонга яраша чиқиб туради. Аввал бошда беш-ўнта товуғим борийди. Бирин-кетин қозонга тушишди. Қолаверса, Соли қассоб жўрам эмасми? Гўштдан хижолат бўлма, деб туради. Чўнтагимдан ел ўтиб турса ҳам олишга ғурурим йўл қўймайди. Ҳафта-ўн кунда бир-икки кило гўштни шогирдларидан киритиб юборади. Ундан қарзим ҳам икки миллионга етди-ёв… Беролмаганимдан хижолат бўлсам, бир кун тўлайсан-да, деб кўнглимни кўтариб туради. Яхшиям, мактаб яқин, пиёда бориб келаман. Лекин болаларни боғчадан чиқариб олганим ёмон бўлди-да. Ойлик тўловига кучим етмай қолди. Э-э, мана сиз билан гаплашиб, уйга етиб келганимизни ҳам билмай қолибман. Қани, юринг уйга…
–Қайси хонадон сизники?
–Мана шу. Рўпарасида турибмиз…
–Ие, дарвозаси йўқ-ку. Янги темир дарвоза қўйдирдим, девдингиз…
–Ҳа, дарвозами? Банкка тўлов қилолмаганимдан кейин МИБдан келиб, олиб кетишди. Яна қарз ҳам бўлиб қолдим. Яхшиям, анави травертин сувоқни кўчириб кетиб бўлмас экан. Бўлмаса…
–Ишқилиб, МИБдагилар телевизор, музлаткич, совуткичларингизга тегишмадими?
–Йўқ.
–Унда яхши.
–Яхшиликка яхшию, аммо уларни бир-икки ой илгари ярим пулига сотиб еганмиз. Шунинг учун…
–Ҳа, шунақами? Майли, унда мен борай, Қарздор… э-э, узр, Сардор ака…
–Майли, майли, ҳечқиси йўқ. Ўрганиб кетганман. Ҳа, айтганча, сизни танимадим-а. Бу ерликка ўхшамайсиз.
–Мен ўша сиз маиший техникаларни муддатли тўловга олган дўконданман. Ярим йиллик тўловдан қарзингиз бор экан. Шунга келувдим…
–Узр, ука, мен сизни танимай шунча гапни айтворибман.
–Хижолат бўлманг. Фақат… Бир савол берсам, хафа бўлмайсизми?
–Нима савол экан?
–Эрта-индин қарздорлигингиз судга чиқиб, яна ундирувга келишса, ўринма-ўрин тўлагани бирор нарсангиз борми?
–Келишса, овора бўлишади-да. Биргина жониму устимдаги кийимимдан бошқа ҳеч нарсам йўқ.
–А?..
–Ҳа!..
Нажмиддин ИКРОМИЙ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
