“Ҳақиқий санъаткор пулни осон топмайди” — Озода Нурсаидова
Озода Нурсаидова 13–22 май кунлари Халқлар дўстлиги саройида жонли ижродаги 10 кунлик концерт дастурини тақдим этади. Концерт олдидан ОАВ вакиллари билан учрашган хонанда санъатдаги муаммолар, ижодга бўлган муносабат ва янги дастур ҳақида фикр билдирди.

Хонанданинг айтишича, ҳар бир концерт томошабин учун нафақат мусиқа, балки маънавий таъсир ҳам қолдириши керак. Унинг фикрича, саҳна фақат фонограмма ёки шоу эмас, балки санъаткорнинг ички дунёси ва ҳис-туйғуларини мухлис билан бўлишиш майдонидир. Шу сабабли у ҳар йили концертларида янгилик қилишга ҳаракат қилади.
Озода Нурсаидова ретро услубдаги қўшиқ ва клиплари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, бу йўналиш мода учун эмас, балки шахсий хотира ва ҳаёт тажрибалари билан боғлиқ. “Кўк жигули”, “Жавоҳир” ва янги “Тўйлар муборак” клиплари ўз ҳаёти асосида суратга олинганини айтди. Хонанда СССР даврини тарғиб қилаётгани ҳақидаги танқидларни эса асоссиз деб атади.
Концертдаги либослар ва саҳна безагига катта эътибор қаратилишини айтган хонанда, ҳар бир образ устида жиддий иш олиб борилишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мухлислар нафақат қўшиқ, балки саҳна маданияти ва шоу элементларини ҳам кутишади.
Концерт режиссёри ва продюсери Даврон Муқимов эса бу йилги дастурда томошабинлар кутмаган ноодатий чиқишлар ва тарбиявий ғоялар бўлишини маълум қилди.
Суҳбат давомида хонанда “санъаткор осон пул топади” деган фикрларга ҳам муносабат билдирди. Унинг айтишича, ҳақиқий ижод катта меҳнат, масъулият ва доимий изланиш талаб қилади. Шунингдек, у айрим санъаткорларни арзон пиар орқали танилишга уринаётганини танқид қилди. Озода Нурсаидова ижод ва жонли ижро ўрнига можаро ва ғийбат орқали машҳурликка интилиш санъат учун ачинарли ҳолат эканини таъкидлади.
