Ўхшамабди, эплашмабди. Ҳар доимгидай!..

Ўхшамабди, эплашмабди. Ҳар доимгидай!..

Яқин кунларда катта экранларга чиққан «Тамерлан» филми тарихий ҳақиқатни соғинган томошабинлар учун навбатдаги умидсизлик бўлди. Афсуски, ушбу лойиҳа ўзбек кино санъатининг бугунги аянчли аҳволини, профессионал ёндашувдан нечоғлик йироқлашганимизни кўрсатиб берувчи «кўзгу»га айланди.

Темур эмас, оддий қаҳрамон

Филмнинг энг катта хатоси — Амир Темур образининг юзаки тасвирланганида. Соҳибқирон нафақат буюк саркарда, балки ўткир зеҳнли стратег, теран руҳият эгаси ва Марказий Осиё тафаккурининг юксак нуқтаси эди. Бироқ экрандаги образ оддий жангари кино қаҳрамонидан нарига ўтмаган. Бош рол ижрочисида на Соҳибқиронга хос бўлган ҳайбатли қараш, на ўша давр одамининг ички руҳияти ва ҳиссиётлари сезилади. Актёрнинг ижроси тарихий сиймонинг залворини кўтара олмаган.

«Лой жанги» — тарихга ҳурматсизликми?

Тарих китобларида стратегик маҳорат ва матонат тимсоли сифатида таърифланган машҳур «Лой жанги» саҳнаси филмда шу қадар заиф ва «ўхшамаган» тарзда тасвирланганки, буни кўриб ҳақиқий тарих ихлосмандларининг ачиниши табиий. Воқеалар ривожи саёз, сценарийдаги мантиқий боғлиқлик эса ипдан узилган мончоқдек сочилиб кетган.

Профессионализмдан йироқ «декорация»лар

Ўзбек кино саноатининг оқсаётгани ҳар бир кадрда кўриниб турибди:

  • Режиссура ва Консультация: Тарихий маслаҳатчилар бормиди ўзи? Чунки давр иқлими, муҳити ва ижтимоий манзараси мутлақо ҳис қилинмайди.

  • Визуал хатолар: Либослар, соч турмаклари ва грим шу даражада сунъийки, томошабин ўзини XIV асрда эмас, балки арзон декорациялар ичида қолгандек ҳис қилади.

  • Томошабинга ҳурмат: Сифатсиз монтаж ва воқеаларнинг юзаки тасвири — бу кинога пул ва вақт сарфлаб келган томошабинни менсимасликдан бошқа нарса эмас.

Хулоса ўрнида

«Тамерлан» филми ўзбек киносининг нақадар орқада қолиб кетганини яна бир бор исботлади. Тарихий мавзу — бу шунчаки от миниб, қилич чопиш эмас. Бу — миллат руҳини тиклаш дегани. Афсуски, бу гал ҳам «бомба» кутган эдик, лекин навбатдаги «пуч ёнғоқ»қа дуч келдик.

Қачонгача тарихимизни арзон кўринишда сотамиз? Қачон режиссёрлар актёрлардан фақат матн ёдлашни эмас, балки ўша давр нафасини ҳис қилишни талаб қилади? Бу саволлар ҳозирча жавобсиз қолмоқда.

Ҳусан Саъдуллар фикрлакри асосида

Дўстларингизга ҳам юборинг: