1 июндан электр энергияси ва табиий газнинг янги тарифлари жорий этилади
Ҳукуматнинг тегишли қарори (243-сон, 15.05.2026-й) билан 2026-йил 1июндан электр энергияси ва табиий газнинг янги тарифлари тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, I ва II гуруҳ истеъмолчилари учун электр энергиясининг 1 кВт соати 1 минг 100 сўм этиб белгиланди. IV гуруҳ истеъмолчилари учун ҳам электр энергиясининг 1 кВт соати 1 минг 100 сўмни ташкил этади.
III гуруҳ, шу жумладан аҳоли учун табақалаштирилган тарифлар сақлаб қолинди.
Хусусан, овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталар билан жиҳозланган кўп квартирали уйлар ва ётоқхоналарда яшовчи аҳоли учун:
➖ ойига 200 кВт соатгача — 325 сўм;
➖ 201 кВт соатдан 500 кВт соатгача — 450 сўм;
➖ 501 кВт соатдан 1 000 кВт соатгача — 550 сўм этиб белгиланди.
Қолган маиший истеъмолчилар учун эса:
➖ ойига 200 кВт соатгача — 650 сўм;
➖ 201 кВт соатдан 500 кВт соатгача — 900 сўм;
➖ 501 кВт соатдан 1 000 кВт соатгача — 1 минг 100 сўм бўлади.
Юқори ҳажмдаги истеъмол учун оширилган коеффициентли тарифлар сақланиб қолади.
Табиий газ бўйича барча истеъмолчилар учун (алоҳида тоифалардан ташқари) 1 куб метр газ нархи 2 минг сўм этиб белгиланди. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари учун тариф 1 куб метр учун 2 минг 750 сўмни ташкил этади.
Аҳоли учун табиий газ тарифлари ҳам табақалаштирилган тартибда сақланиб, иситиш мавсумида ойига 500 куб метргача, бошқа мавсумларда эса 100 куб метргача истеъмол учун 1 куб метр газ 1 минг 100 сўмдан ҳисобланади.
