ШОК! ЎФА Нидерландия билан БИТТА ўйин учун 300 000 $ тўлайдими?!
Ўзбек футболи атрофида навбатдаги йирик можаро ва интригалар тўлқини бошланди. Бу сафар гап миллионлаб мухлисларнинг севимли жамоаси — Миллий терма жамоамизнинг июнь ойидаги океан орти сафари ва унга сарфланаётган шубҳали маблағлар ҳақида кетмоқда.
ЎФА терма жамоалар бўлимининг собиқ раҳбари Шерзод Игамбердиевнинг Instagram саҳифасида қолдирган баёноти футбол жамоатчилигини ларзага келтирди. Унинг даъво қилишича, Ўзбекистон миллий жамоасининг Нидерландияга қарши ўтадиган ёпиқ ўртоқлик учрашуви учун ЎФА нақд 300 минг АҚШ доллари тўлаб бермоқда!
Текин ўйинлардан — 300 минг долларлик харажатгача: Собиқ раҳбар нималарни очиқлади?
Шерзод Игамбердиев ўзи ишлаб юрган кезлардаги рақамларни ошкор қилар экан, амалдаги раҳбариятнинг трансфер ва ташкилотчилик сиёсатини жиддий сўроқ остига олди. Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Ўзбекистон терма жамоаси дунёнинг энг кучли грандлари билан мутлақо БЕПУЛ ўйнаб келган.
«Камерун, Коста-Рика, Боливия, Венесуэла, Россия, АҚШ, Мексика, Уругвай ва Канада термалари билан ўйинлар учун ЎФА бир тийин ҳам тўламаган! Аксинча, ўша пайтдаги тўғри музокаралар арқоли федерация бюджетига 525 000 доллар соф фойда кирим қилинган эди», — деб ёзади Игамбердиев.
Бундан ташқари, собиқ раҳбарнинг айтишича, авваллари делегациянинг хориж сафарларидаги яшаш ва овқатланиш харажатлари ҳам тўлиқ мезбон томон ҳисобидан қопланган. Бугун эса вазият кескин ўзгаргани ва биттагина ўйин учун катта маблағ чиқиб кетаётгани катта саволларни туғдирмоқда.
Нью-Йоркдаги сирли баҳс: Мухлислардан нима яшириляпти?
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси июнь ойида Шимолий Америка бўйлаб сафарга жўнаб кетади ва у ерда Канада ҳамда Нидерландия терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувлари ўтказади. Кучли рақиблар билан ўйин — бу албатта яхши. Аммо…
Нидерландия билан баҳс 8 июнь куни Нью-Йоркда ва МУХЛИСЛАРСИЗ, яъни ёпиқ эшиклар ортида ўтиши айтилмоқда. Ижтимоий тармоқларда эса ҳақли саволлар кўпаймоқда: Нима учун мухлислар кўрмайдиган, оддий ўртоқлик мақомидаги учрашув учун федерация бюджетидан 300 минг доллар сарфланиши керак? Бу маблағлар ортида аслида ким турибди?
Ҳозирча Ўзбекистон футбол ассоциацияси ушбу шов-шувли баёнотга расмий муносабат билдирганича йўқ. Сайтмизни кузатишда давом этинг, воқеалар ривожини биринчилардан бўлиб етказамиз!
