Трампнинг Ғазо бўйича “Тинчлик кенгаши” жамғармаси бирорта ҳам доллар олмаган — FT
Financial Times хабарига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп ташаббуси билан тузилган Ғазо бўйича “Тинчлик кенгаши” жамғармаси ташкил этилганига тўрт ой бўлган бўлса-да, ҳали бирорта ҳам маблағ олмаган.
Нашр манбаларидан бирининг айтишича, жамғармага “бир доллар ҳам тушмаган”. Шу билан бирга, ташаббус билан боғлиқ айрим маблағлар тўғридан-тўғри ЖПМорган Часедаги ҳисоб рақамига йўналтирилган. Қайд этилишича, ушбу ҳисоб учун мустақил шаффофлик талаблари назарда тутилмаган.
“Тинчлик кенгаши” вакили молиялаштириш учун бир нечта вариант, жумладан Жаҳон банки механизми ҳам кўриб чиқилганини билдирган. Бироқ дастур иштирокчилари ҳозирча бошқа вариантларни афзал кўрган.
Унинг сўзларига кўра, кенгаш молиявий ҳисоботни Трамп маъмурияти вакиллари ва бошқа маслаҳатчилар кирган ижроия кенгашига “тегишли вақтда” тақдим этади.
Марокаш томонидан ажратилган қарийб 20 миллион доллар Ғазо бўйича олий вакил Николай Младенов офисини ҳамда секторни бошқариш учун тузилган фаластинлик технократлар қўмитаси маошларини молиялаштиришга йўналтирилган.
БАА эса Ғазо учун полициячилар тайёрлаш дастурига 100 миллион доллар ажратган, бироқ дастур ҳали бошланмаган ва маблағ музлатилган.
АҚШ Давлат департаменти ёрдам дастурларидан тахминан 1,2 миллиард долларни кенгаш кун тартибига оид лойиҳаларга қайта тақсимлашни режалаштирмоқда. Бу маблағлар “Тинчлик кенгаши” ихтиёрига бевосита берилмайди ва ҳозирча сарфланмаган.
Шунингдек, Давлат департаменти кенгаш фаолиятини молиялаштириш учун тахминан 50 миллион долларни тўғридан-тўғри ажратиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. Бироқ бу маблағлар ҳам ҳали тақсимланмаган. Манбага кўра, молиявий назорат ва бошқа зарур механизмлар яратилмагунча улардан фойдаланишга рухсат берилмайди.
Кенгаш аллақачон Ғазода хавфсизликни таъминлаш ва ҳудудни тиклаш бўйича тендерларни бошлаган, бироқ ҳали ҳеч қандай шартнома тузилмаган. Манбалардан бири буни ҲАМАС ҳали қуролсизлантирилмагани сабаб ташкилотнинг сектор ҳудудида фаолият бошламагани билан изоҳлаган.
Аввалроқ Трамп “Тинчлик кенгаши”ни энг муҳим халқаро ташкилотлардан бири деб атаган эди. Иштирокчи давлатлар Ғазо учун 7 миллиард долларлик ёрдам пакети ажратишга ваъда берган, АҚШ эса қўшимча 10 миллиард доллар йўналтириш ниятини билдирган.
Феврал ойида “Тинчлик кенгаши”нинг илк йиғилиши ўтказилганди. Унда Трамп Қозоғистон, Озарбайжон, БАА, Марокаш, Баҳрайн, Қатар, Саудия Арабистони, Ўзбекистон ва Қувайт 7 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратганини айтган.
