Чавандозлардан буддавийларгача: учли пойабзаллар тарихи

Чавандозлардан буддавийларгача: учли пойабзаллар тарихи

Қадимда шарқ мамлакатларида учи юқорига қайрилган пойабзаллар кенг тарқалган бўлиб, улар ташқи кўринишига қараганда анча амалий ҳисобланган. Тарихчиларнинг фикрича, “можари” ва “жутти” каби пойабзаллар дастлаб Ҳиндистонда пайдо бўлиб, кейинчалик бошқа ҳудудларга ҳам ёйилган. Бундай оёқ кийимлар Монголия, Бурятия ва Қалмоқ халқлари орасида ҳам оммалашган.

Айрим манбаларда қайд этилишича, буддавийликка эътиқод қилган халқлар табиатга эҳтиёткор муносабатда бўлиш мақсадида шундай пойабзаллардан фойдаланган. Уларнинг фикрича, юқорига қайрилган уч қисми ўт-ўланларга камроқ тегишга ёрдам берган. Баъзи ҳолларда эса пойабзал учига кичик қўнғироқлар осилиб, ҳашарот ва майда жониворларни огоҳлантириш вазифасини бажарган.

Бу турдаги пойабзаллар чавандозлар учун ҳам жуда қулай бўлган. Учли ва пошнали шакли от узангисини маҳкам ушлашга ёрдам берган, зарур пайтларда эса отдан тез тушиш имконини яратган. Шу сабабли у овчилар ва кўчманчи халқлар орасида кенг тарқалган.

Тарихчиларнинг яна бир қисми бундай пойабзалларнинг келиб чиқишини қадимги Миср билан боғлайди. Уларнинг таъкидлашича, қайрилган уч қисми саҳро шароитида оёқ кийим ичига қум киришини камайтирган. Ўрта Осиёда эса бу каби пойабзаллар гилам ва юмшоқ қопламалар устида юрганда қоқилиб кетмасликка ёрдам берган. Шу тариқа, учи қайрилган пойабзаллар нафақат миллий анъаналарнинг бир қисми, балки турли шароитларда инсонларга қулайлик яратган амалий ихтиро ҳам бўлган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: