Конгода Эболага чалинган 11 бемор изолятордан қочиб кетди
Конго Демократик Республикасининг шарқий қисмида жойлашган Итури вилоятида Эбола вирусини юқтирган 11 нафар бемор изолятордан қочиб кетди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш миллий институти маълумотларига таяниб, Bloomberg агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур ҳудуд Эбола вируси тарқалишининг асосий ўчоқларидан бири ҳисобланади.
Шунингдек, Катана аҳоли пунктида Эбола касаллиги оқибатида вафот этган шахсни дафн этиш билан шуғулланаётган мутахассисларга ҳужум уюштирилган. Оқибатда марҳумнинг жасади жойланган тобут ҳодиса жойида қолдирилган. Мутахассислар бундай ҳолат вируснинг янада кенг тарқалиши хавфини кучайтиришини таъкидламоқда.
Расмий маълумотларга кўра, Конго Демократик Республикаси ва қўшни Угандада Эбола вируси билан боғлиқ 60 та ўлим ҳолати ҳамда касаллик юқтирган 344 нафар бемор лаборатория текширувлари орқали тасдиқланган.
Эболага чалинган беморларнинг изолятордан қочиши билан боғлиқ ҳолат жорий йилнинг 22 май куни ҳам қайд этилган эди. Ўшанда вирусга қарши даволанаётган беморлар жойлаштирилган тиббиёт муассасасига ўт қўйилган. Маълум қилинишича, шифокорлар Эбола оқибатида вафот этган беморнинг жасадини хавфсизлик талаблари сабаб унинг яқинларига топширмаган. Бу эса маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлган. Ғазабланган фуқаролар Рвампара марказий шифохонасининг бир қисмини ёқиб юборган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Эбола қурбонларининг жасади юқори даражада юқумли бўлади. Шу боис бундай ҳолатларда марҳумларни махсус хавфсизлик қоидалари асосида дафн этиш талаб қилинади.
Маълумот учун, Эбола вируси илк бор 1976 йилда ҳозирги Конго Демократик Республикаси ҳудудида аниқланган. Олимлар вируснинг табиий ташувчилари сифатида кўршапалакларни кўрсатади. Бироқ ушбу жониворлар касаллик таъсирида нобуд бўлмайди.
Эбола инсон организмига қон, сўлак, тер, она сути каби биологик суюқликлар билан бевосита мулоқот қилиш ёки жароҳатланган тери орқали юқади. Касаллик оғир қон кетиши, ички аъзолар фаолиятининг издан чиқиши ва ўлимга олиб келиши мумкин. Унинг дастлабки белгилари сифатида иситма, мушакларда оғриқ, кучли чарчоқ, бош оғриғи ва томоқ оғриғи кузатилади. Кейинчалик кўнгил айниши, ич кетиши, терида тошмалар пайдо бўлиши ҳамда қон кетиши ҳолатлари ривожланиши мумкин.
