Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази: Эбола эпидемияси рекорд даражага етиши мумкин
АҚШнинг Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) таҳлилчилари томонидан тайёрланган моделларга кўра, Марказий Африкадаги Эбола эпидемияси 2014 йилдаги рекорд даражадаги эпидемия кўламига етиши ёки ҳатто ундан ошиб кетиши мумкин.
Браун университетининг Пандемия тадқиқотлари маркази эпидемиология профессори Женнифер Нуццонинг таъкидлашича, моделлаштириш натижалари мутахассислар узоқ вақтдан бери хавотирда бўлиб келаётган ҳолатни тасдиқламоқда.
«Бу эпидемия хавфли йўналишда ривожланмоқда», — деди у.
CDC томонидан ишлаб чиқилган айрим сценарийларга кўра, касалланганлар сони 20 минг нафардан ошиб кетиши мумкин. Бироқ мутахассислар эпидемиянинг аниқ қандай ривожланишини олдиндан башорат қилиш қийинлигини ҳам таъкидламоқда.
6 июнь ҳолатига кўра, Конго Демократик Республикасида камида 488 нафар киши Эбола вирусини юқтирган, 86 нафар бемор эса вафот этган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Конго Демократик Республикаси ва қўшни Угандадаги Эбола тарқалишини халқаро миқёсда ташвиш уйғотувчи соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазият деб эълон қилди.
Марказий Африка давлатларида Эбола эпидемиялари вақти-вақти билан кузатиб турилади. Бироқ 2013–2016 йиллардаги эпидемия тарихдаги энг йирик эпидемия ҳисобланади.
У Гвинеяда бошланиб, тез орада Сьерра-Леоне ва Либерияга тарқалган ҳамда Африкадан ташқари ҳудудларга ҳам ёйилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ўша эпидемия даврида тахминан 30 минг киши касалланган ва 11 300 нафар одам ҳаётдан кўз юмган.
