Ричард Гир: “Инсоният бепарволик сабабли хавфли даврга кириб қолди”

Ричард Гир: “Инсоният бепарволик сабабли хавфли даврга кириб қолди”

Ричард Гир Норвегиянинг Осло шаҳрида бўлиб ўтган Oslo Freedom Forum доирасида венесуэла-норвегиялик ҳуқуқ ҳимоячиси Тором Ҳалворссен билан суҳбатда сиёсат, эркинлик ва жамиятнинг ҳозирги ҳолати ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Актёрнинг айтишича, инсоният ҳозир “энг хавотирли даврлардан бири”ни бошдан кечирмоқда.

“Биз бу сайёрада энг зулматли даврда яшаяпмиз. Чунки биз ухлаяпмиз: бепарволик қилдик, сайловларга бормадик, ҳеч кимга қулоқ солмадик,” деди у.

Гир, шунингдек, АҚШдаги сиёсий жараёнлар ҳақида гапириб, собиқ президент Дональд Трампнинг чиқишлари юзасидан ўз қарашларини баён қилди. Унинг таъкидлашича, жамоатчиликни бундай тенденцияларнинг оқибатига ишонтириш учун етарлича ҳаракат қилинмаган.

Актёр фикрича, Трамп президентлигининг илк кунларидан бошлаб илгариги маъмурият томонидан яратилган бир қатор ижобий ютуқлар бекор қилинган.

У, шунингдек, жамиятни “хавфли сигналларга бепарво бўлмасликка” чақириб, авторитар тенденциялар тез тарқалиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

“Биз бу хавотирли сигналларни — диктатура руҳи қанчалик тез яқинлашаётганини пайқашимиз керак. Ҳушёр бўлишимиз лозим,” деди у.

Гир Германиядаги собиқ нацистлар концлагери — Дахауга қилган сафарини эслаб, у ерда кўрганлари унга кучли таассурот қолдирганини айтди. Унинг таъкидлашича, жамиятдаги ўзгаришлар баъзан жуда тез содир бўлиши мумкин.

“Яхши одамлар ёмонлашиши мумкин. Агар бепарво бўлсак, дунёмизни жуда тез йўқотишимиз мумкин,” деди актёр.

Шунингдек, у одамлар кўпинча шахсий фаровонликка берилган ҳолда умумий хавфларни эътиборсиз қолдиришини танқид қилди.

“Менда ҳаммаси яхши: уйим бор, пулим бор. ‘Ҳеч нарса бўлмайди’ дейиш мумкин. Лекин бу нотўғри қараш. Бу нормал ҳолат эмас,” дея қўшимча қилди Ричард Гир.

Дўстларингизга ҳам юборинг: