“Толибон” Ҳирот вилоятида қизлар мактаблари ва диний мадрасалар ёпилишидан огоҳлантириб, янги чекловлар жорий этди
Amu TV нашрининг манбаларига таяниб хабар беришича, “Толибон” ҳукуматининг Эзгуликни тарғиб қилиш ва нуқсонларнинг олдини олиш вазирлиги бир нечта қизлар таълим муассасаси раҳбарларини огоҳлантирган. Вазирликка кўра, агар ўқувчи қизлар белгиланган кийиниш талабларига риоя қилмаса, мактаблар ёпилиши мумкин.
Манбаларнинг айтишича, янги талабларга чодра кийиш, юзни бутунлай ёпиш, пайпоқ кийиш киради. Шунингдек, “Толибон” ахлоқ полицияси вояга етган деб ҳисобланадиган (9 ёшдан катта) қизларни ҳам огоҳлантирган. Унга кўра, қизлар ушбу кийимларсиз мактаб ёки диний дарсларга кела олмайди.
Мазкур чоралар “Толибон” Ҳиротда кийиниш қоидаларини бузганликда айблаб, камида 30 нафар аёлни ҳибсга олганидан бир неча кун ўтиб жорий қилинди. Аёлларнинг ҳибсга олиниши намойишларга ва халқаро ҳамжамиятнинг кескин муносабатига сабаб бўлган эди. Намойишларда “Толибон” вакиллари аҳолига қарата ўт очган, оқибатда икки киши ҳалок бўлиб, камида 12 киши жароҳатлаган эди.
