АҚШ Эрон билан тез орада келишувга эришилишини кутмоқда

АҚШ Эрон билан тез орада келишувга эришилишини кутмоқда

Теҳронда Дональд Трампнинг баёнотларига қарамай, рамкавий келишув бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаганини маълум қилишди.
АҚШ ва Покистон раҳбарияти Вашингтон ҳамда Теҳрон ўртасида бир неча ой давом этган ҳарбий тўқнашувларни тўхтатишга қаратилган рамкавий келишув имзоланишини прогноз қилмоқда. АҚШ президенти Дональд Трампнинг айтишича, келишувни имзолаш якшанба кунига режалаштирилган.

Бироқ Теҳронда воқеаларни шоширмасликка чақиришмоқда. Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Эсмаил Бағаий имзолаш жараёни дарҳол амалга ошиши эҳтимоли камлигини, аммо бу яқин кунлар ичида содир бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Эроннинг Fars агентлиги хабардор манбага таяниб хабар беришича, рамкавий келишув бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаган, чунки унинг сиёсий, ҳуқуқий ва техник жиҳатлари экспертлар даражасида таҳлил қилиниши давом этмоқда.

Reuters манбалари келтирган шартнома лойиҳасига кўра, АҚШ Эроннинг 25 миллиард доллар миқдоридаги музлатилган активларини озод қилиш мажбуриятини олади. Бунга жавобан Теҳрон ядровий қурол ишлаб чиқармаслик ва сотиб олмасликка розилик беради.

Дональд Трамп шунингдек, келишув имзоланиши билан Эрон стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳурмуз бўғозини кемалар ҳаракати учун тўлиқ очиши шартлигини таъкидлади. Шундан сўнг АҚШ денгиз блокадасини бекор қилиши айтилмоқда.

Дипломатик саъй-ҳаракатларга қарамай, минтақада ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда. Америка кучлари Ҳурмуз бўғози томон йўналтирилган бир нечта Эрон дронларини тутиб қолгани хабар қилинмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: