Теҳрон АҚШ билан келишувни ғалаба сифатида кўрсатмоқда: барча эронликлар ҳам шундай ўйлаяптими?
Эрон раҳбарияти АҚШ билан эришилган келишувни таслим бўлиш эмас, балки қаршилик орқали қўлга киритилган сиёсий ва дипломатик ғалаба сифатида тақдим этмоқда. Бироқ мамлакат ичида бу масала бўйича якдил фикр мавжуд эмас.
Мамлакат оғир уруш оқибатлари, иқтисодий босим ва халқаро санкциялар шароитида яшамоқда. Шу сабабли келишувга муносабат турлича бўлмоқда. Ҳокимият вакиллари буни Эрон манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда эришилган муваффақият деб баҳоласа, айрим консерватив кучлар Вашингтон билан ҳар қандай муросага шубҳа билан қарамоқда.
Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф мамлакат «якуний ғалаба сари катта қадам» ташлаганини таъкидлади. Президент Масъуд Пезешкиён эса келишув тўлиқ амалга оширилса, у Эрон иқтисодиёти ва минтақавий вазият учун янги имкониятлар очишини билдирди.
Ғолибофнинг келишувни қўллаб-қувватлаши алоҳида аҳамиятга эга. Чунки у Пезешкиённинг мўътадил сиёсий лагерига мансуб эмас. Бу эса келишувни мамлакатдаги нуфузли консерватив доиралар, жумладан, Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига яқин кучлар ҳам маълум даражада маъқуллаётганини кўрсатиши мумкин.
Бироқ Эрон ичида ва хориждаги баъзи мухолифатчилар мавжуд инқирозни ҳокимият алмашинуви учун имконият сифатида кўрмоқда. Шунинг учун келишув атрофидаги баҳслар ва сиёсий тортишувлар яқин вақтда ҳам давом этиши кутилмоқда.
