ЕИ Россия тақиқлаган Арманистон товарлари учун божларни камайтиради
Еврокомиссия Арманистон товарлари импортига қўйилган Россия чекловларини қоплаш мақсадида Арманистон иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш бўйича фавқулодда чора-тадбирларни ишлаб чиқмоқда.
Ушбу чоралар қаторига Арманистондан маҳсулот экспорт қилиш учун божларни камайтириш ҳам киради. Бу ҳақда «Financial Times» нашри ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.
Нашрнинг икки суҳбатдоши сўзларига кўра, божларнинг камайтирилиши Россия Арманистондан олиб киришни тақиқлаган тахминан 20 та товар тоифасининг аксариятига дахл қилади.
Тегишли таклифлар яқин ҳафталар ичида расман илгари сурилиши мумкин. Уларни маъқуллаш учун ЕИга аъзо аксарият давлатларнинг розилиги талаб этилади.
Май-июн ойларида Россия Арманистондан деярли барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, жумладан, гуллар, сабзавотлар, кўкатлар, шафтоли, қулупнай, олма ва балиқ импортини тақиқлаб қўйди. Чекловлар Арманистонда 7 июн куни бўлиб ўтган парламент сайловларидан сал олдин жорий этила бошлаганди.
Сайловларда партияси ғалаба қозонган Арманистон Бош вазири Никол Пашинян аввалроқ Европа Иттифоқи Арманистонга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан божсиз савдо қилишни ваъда берганини айтган эди. У, шунингдек, Арманистон ҳукумати Россия тақиқларидан жабр кўрган экспортчиларга ёрдам беришини ваъда қилган.
