Болаларни ташиш қоидасини бузганлар ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин

Болаларни ташиш қоидасини бузганлар ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин

Ўзбекистонда болаларни ташиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик ва ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилишни жорий этиш таклиф этилмоқда. Тегишли қонун лойиҳаси Бош прокуратура томонидан жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Ҳужжат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 128−11-моддани (болаларни ташиш ҳамда болаларни ташишни ташкил этиш қоидаларини бузиш) киритишни назарда тутади.

Лойиҳага кўра, болаларни ташиш қоидаларини бузиш транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан 1 йилдан 3 йилгача маҳрум қилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 30 баравари (12,36 млн сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Агар бундай қоидабузарлик ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган ёки бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахс томонидан содир этилса, унга 50 БҲМ (20,6 млн сўм) миқдорида жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосини қўллаш таклиф этилмоқда.

Болаларни ташишни ташкил этиш қоидаларини бузганлик учун ҳам алоҳида жавобгарлик жорий этилмоқда. Бундай ҳуқуқбузарлик учун 30 БҲМ миқдорида жарима қўллаш таклиф этилган. Агар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида қоидабузарлик такрорланса, жарима миқдори 50 БҲМгача оширилиши мумкин.

Ҳужжатда қайд этилишича, йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамай, йўл-транспорт ҳодисаларидан жабрланаётганлар орасида болалар улуши юқорилигича қолмоқда. Сабаблардан бири сифатида вояга етмаганларни ташишда хавфсизлик талабларига риоя этилмаётгани кўрсатилган.

Бош прокуратура амалдаги қонунчиликда бундай қоидабузарликлар учун аниқ ва самарали жавобгарлик чораларининг етарли даражада назарда тутилмаганини, бу эса уларнинг кенг тарқалишига хизмат қилаётганини таъкидлаган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: