Андижонда МИБ орқали ходимнинг 257 миллион сўм иш ҳақи тўлиқ ундириб берилди.
Бир неча ой давомида ўзининг ҳалол меҳнати учун ҳақини ола олмаган фуқаронинг иш ҳақи Мажбурий ижро бюросининг қатъий чоралари натижасида тўлиқ ундириб берилди.
Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро судининг 20.11.2025 йилдаги ижро варақасига асосан Пахтаобод туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими давлат муассасасидан фуқаро Я.З. фойдасига 257.386.000 сўм миқдоридаги иш ҳақи ундирилиши белгиланган.
Мажбурий ижро бюроси Пахтаобод туман бўлими томонидан қарздорга қонунда белгиланган талабларни ихтиёрий бажариши ҳақида огоҳлантирилган. Бироқ, қарздорлик ихтиёрий муддатда тўлаб берилмаганлиги учун мажбурий ижро чоралари қўлланилиб, натижада фуқаронинг ойлаб кутилган 257.386.000 сўм меҳнат ҳақлари тўлиқ ундириб берилиши таъминланди.
Шу тариқа фуқаронинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланди ва суд ҳужжати ижроси амалда таъминланди.
