Нигерияда ёмғир туфайли қамоқхонадан 118 нафар маҳбус қочиб кетди

Нигерияда ёмғир туфайли қамоқхонадан 118 нафар маҳбус қочиб кетди

Нигериядаги қамоқхонадан ёмғир туфайли девор қулаганидан сўнг камида 118 нафар маҳбус қочиб кетган. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Ҳодиса Нигерия пойтахти яқинидаги Сулежа шаҳридаги қамоқхонада юз берган.

Ахлоқ тузатиш хизмати ходимлари бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари кўмагида қочқинларни қидирмоқда ва ҳозиргача улардан фақат ўн нафарини қўлга олишга муваффақ бўлган.

«Бир неча соат давом этган ёмғир ўртача хавфсизлик даражасидаги қамоқхонанинг бир қисмини, шу жумладан девори ва унга туташ биноларни вайрон қилди», – дейди Ахлоқ тузатиш хизматлари вакили Адаму Дуза.

У қочқинларнинг шахсини ва бошқа тафсилотларни ошкор қилмаган, бироқ “Боко Ҳарам” гуруҳи аъзолари қамоқхонада жазо муддатини ўтагани маълум.

Қайд этиш керак, қамоқхонадан қочиш Нигерияда катта хавфсизлик муаммосига айланди, чунки маҳбусларнинг кўплиги, етарли маблағ йўқлиги ва хавфсизликнинг заифлиги қочиш учун қулай шароит яратмоқда.

Сўнгги йилларда ёмон инфратузилма ва жангариларнинг ҳужумлари туфайли минглаб маҳбуслар қочиб кетган. Айниқса, 2022 йил июль ойида ИШИД жангчилари пойтахт Абужадаги қаттиқ тартибли қамоқхонага ҳужум қилганда, камида 440 маҳбус қочиб кетган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: