Ўмон ҳукумати Ҳўрмуз бўғозини кемалар қатнови учун очиқ қолдиришини ва бунинг учун ҳақ олинмаслигини маълум қилди
Шунингдек, минтақани тарк этаётган кемаларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун мавжуд йўлнинг шимоли ва жанубидан иккита вақтинчалик йўналиш ажратилиши билдирилди.
Хавфсизликка таҳдидлар кучайган бир пайтда, Ўмон Халқаро денгиз ташкилоти (ИМО) билан ҳамкорликда кемаларнинг ҳудудни хавфсиз тарк этишига ёрдам берувчи вақтинчалик денгиз йўлакларини ташкил этди.
Халқаро денгиз ташкилоти ва Ўмон расмийлари ишлаб чиққан режа бўйича кемалар гуруҳларга ажратилади. Уларга қачон йўлга чиқиш ва қайси йўналиш бўйича ҳаракатланиш ҳақида алоҳида кўрсатмалар берилади.
Ўмон томони кема эгалари ва капитанлар сафардан олдин хавфларни мустақил баҳолаш учун жавобгарлигича қолишини эслатиб ўтди. Кемаларга транзит пайтида ўзларининг автоматик идентификация тизимини ёқиб қўйиш ва ҳар қандай хавф ҳақида Ўмон денгиз хавфсизлиги марказига хабар бериш буюрилди. АҚШ ва Эрон ўртасидаги сўнгги музокаралар натижасига кўра, бўғоздан ўтаётган кемаларга ҳеч қандай бож ундирилмайди.
Ҳўрмуз бўғози жаҳондаги нефт ва суюлтирилган табиий газ етказиб бериш ҳажмининг қарийб бешдан бир қисми ўтадиган муҳим йўл ҳисобланади. АҚШ ва Исроил 28 феврал куни Эронга қарши уруш бошлаганидан кейин бу йўналишда қатнов тўхтаб қолди. Бу эса тижорий кемачиликни чеклаб, жаҳон энергия бозорларини ларзага келтирди.
