Россия Адлия вазирлиги хорижий агентларни кўчмас мулк ва муаллифлик ҳуқуқлари билан бепул битимлар тузиш ҳуқуқидан маҳрум қилмоқчи
The Bell нашрининг ёзишича, Россия Адлия вазирлиги томонидан «хорижий агент» деб эълон қилинган россияликлар ҳуқуқлари янада чекланиши мумкин.
Адлия вазири ўринбосари Олег Свириденконинг сўзларига кўра, «хорижий агентлар»ни баъзи ҳолларда нотариал тасдиқлашни талаб қилмайдиган кўчмас мулк ва муаллифлик ҳуқуқлари бўйича бепул битимларни амалга ошириш имкониятидан маҳрум қилиш режалаштирилмоқда.
Свириденконинг айтишича, «хорижий агентлар» бундай битимлар орқали маблағларни махсус ҳисобварақларга ўтказиш талабини айланиб ўтишмоқда.
«Бугунги кунда улар шунчаки ҳадя қилиш шаклида ёки никоҳ шартномасини тузиш орқали ҳуқуқларни сохта йўл билан ўтказиб, махсус ҳисобварақ тизимидан қочиб қутулаётгани маълум бўлмоқда», — деди у.
Адлия вазирлиги «хорижий агентлар»нинг барча битимлари нотариус орқали ўтишини талаб қилмоқчи. 2024 йил охирида Давлат думаси «хорижий агентлар» даромадларини махсус рубл ҳисобварақларига ўтказиш тўғрисидаги қонунни қабул қилган эди.
Ушбу ҳисобварақларга ижодий фаолиятдан олинган даромадлар, кўчмас мулк ва транспорт воситаларини сотиш ёки ижарага беришдан тушган фойда, депозитлар бўйича фоизлар ва ташкилотлардаги улушли иштирокдан келган даромадлар тушиши керак. Бу маблағлардан фойдаланишга фақат «хорижий агент» мақоми олиб ташлангандан сўнггина рухсат этилади, дейилади хабарда.
