Республикачилар Исроилдан юз ўгирмоқда
АҚШдаги ёш консерваторлар орасида Исроилнинг Ғазо, Ливан ва Эрондаги ҳарбий ҳаракатлари ортидан унинг сиёсатига нисбатан норозилик кучаймоқда.
АҚШ Республикачилар партиясида Исроилни қўллаб-қувватлаш масаласида ички бўлиниш тобора кучайиб бормоқда. Америкада ўтказилган сўровларга кўра, ёш республикачилар орасида Исроил сиёсатига салбий муносабат билдираётганлар сони ошиб бормоқда.
Pew Research Center тадқиқотига кўра, республикачиларнинг 40 фоизи Исроилга нисбатан салбий муносабатда. Партиянинг 18–49 ёшли тарафдорлари орасида бу кўрсаткич 57 фоизга етган.
Қўшимча сўров натижаларига кўра, ҳар бешинчи республикачи Вашингтон Исроилни ҳаддан ташқари қўллаб-қувватлаяпти, деб ҳисоблайди. Бу кўрсаткич Исроилнинг уруши бошланганидан кейинги даврга нисбатан уч баробар юқори экани қайд этилган.
Мэриленд университети тадқиқотига кўра, республикачиларнинг атиги 46 фоизи Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини ўзини ҳимоя қилиш деб ҳисоблайди. 18–34 ёшли республикачилар орасида эса бу фикрни қўллаб-қувватловчилар улуши бор-йўғи 22 фоизни ташкил этган.
Кайфиятдаги бу ўзгаришларга «Аввало Америка» сиёсатининг таниқли тарафдорлари — Такер Карлсон, Мегин Келли ва Марджори Тейлор Грин каби шахсларнинг АҚШнинг Исроилни қўллаб-қувватлашини очиқ танқид қилаётгани ҳам таъсир кўрсатган.
